August 18, 2021

Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий жиҳатларини санаб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳаррири Салим Дониёровга берган интервьюсида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтди.

“Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги бўйича улкан салоҳиятга, қадимий тажриба ва бой анъаналарга эга. Аммо узоқ вақт мобайнида ушбу тармоқда бозор иқтисодиётига хос ёндашув ва моддий рағбатлантириш механизмлари жорий этилмади, уни ривожлантиришга маблағ ва илмий инновациялар етарлича жалб қилинмади. Оқибатда ернинг мадори қуриди, тупроқ унумдорлиги пасайди.

Тасаввур қилинг, мустақиллик даврида, яъни, кейинги 30 йилда Ўзбекистон аҳолиси 15 миллион нафарга кўпайди. Бу ўртача бир мамлакат аҳолиси, демакдир. Қолаверса, вақт ўтиши, ҳаёт ўзгариши билан одамларнинг истеъмол талаби ва эҳтиёжлари ҳам муттасил ортиб бормоқда. Еримиз, сувимиз эса кўпаймаслиги табиий, албатта. Бундай ресурслар нафақат бизда, бутун дунёда чекланган. Бинобарин, биз энди ақлимизни, интеллектуал салоҳиятимизни, билим ва тажрибамизни оширишимиз, айнан ана шу омилларни иқтисодий ўсиш нуқталари ва ресурс манбаларига айлантиришимиз шарт.

Бу ниманинг ҳисобидан бўлади? Албатта, бунга билим ва тажриба, тинимсиз ўқиб-ўрганиш, изланиш, янгиликка интилиш, юқори технологияларни жорий этиш, ислоҳотларни самарали олиб бориш ҳисобидан эришиш мумкин.

Шу сабабли биз аграр секторни ялпи ва тизимли трансформация қилишни бошладик. Ушбу соҳани иқтисодиётнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш – бош мақсадимиздир. Шу мақсадда 2020-2030 йилларга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида тармоқни ривожлантириш борасидаги асосий вазифалар аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат сектори ва қишлоқларни яқин ўн йилда жадал тараққий эттириш режаси кўзда тутилди.

Аграр соҳада ишларни бутунлай янги асосда ташкил этиш орқали тармоқнинг самарадорлиги ва рақобатдошлигини ошириш, ушбу йўналишда минглаб янги иш ўринлари яратиш ва қишлоқ жойларда одамларнинг ҳаёт даражасини юксалтириш сари муҳим қадамлар қўйилмоқда”, деди президент Шавкат Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тўлақонли амалга ошириш мақсадида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази – AKIS ташкил этилган.