August 18, 2021

Ўзбекистон олимлари булғор ширин қалампирининг янги навини яратишди

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари 8 йил давомида изланиб, булғор ширин қалампирининг янги навини яратишди. Юқори ҳосилдорликка эга янги нав “Зумрад” деб номланган бўлиб, институтнинг илмий-тажриба далаларида муваффақиятли синовдан ўтди.

Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти илмий ходими Баҳодир Иброҳимовнинг сўзларига кўра, бу гибрид эмас, янги экспортбоп навдир. Унинг ташқи кўриниши ёқимли, муҳими, бошқа навларга нисбатан юқори ҳосилдорликка эга – гектаридан 50-60 тоннагача ҳосил беради.

“Зумрад” навини яратиш бўйича илмий изланишлар, тажриба ва саъй-ҳаракатлар қарийб 8 йил давом этди. Янги навдан кеч кузгача ҳосил олиш мумкин. Янги нав уч хил рангда тақдим этилди – яшил, сариқ ва қизил. Юқори ҳосилдорликдан ташқари, бу нав бошқа бир қатор афзалликларга ҳам эга: пўсти қалин, серсув, витамин, минерал ва микроэлементларга бой.