Соатига 100 минглаб бегона ўтларни йўқ қила оладиган агроробот яратилди
“Carbon Robotics” стартап компанияси компьютер ҳамда кучли лазер ёрдамида минглаб бегона ўтларни йўқ қила оладиган автоном машина яратди.
Бегона ўтларни йўқ қилиш, одатда, механик равишда атроф-муҳит ҳамда истеъмолчиларга зарар етказадиган кимёвий воситалардан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Янги робот эса ресурсларни тежаш ҳамда бошқа ўсимликлар яшиллигича қолишига ёрдам беради.
“Carbon Robotics” компаниясининг тўрт ғилдиракли роботи 4300 кг оғирликка эга ва бегона ўтларни қидиришга мосланган навигатор ҳамда GPS тизими билан жиҳозланган. Бортдаги суперкомпьютер камерадаги тасвирларни юқори аниқликда таҳлил қилади, сўнгра 150 ватт қувватга эга саккизта лазерни бирлаштиради, улар иссиқлик энергияси ёрдамида ортиқча ўсимликларни йўқ қилади.
Тўлиқ автоном машина дизел ёқилғисида ишлайди ва кунига 6-8 гектар майдонни оралаб, соатига 100 000 дан ортиқ бегона ўтларни йўқ қилишга қодир. Лазер нурлари тупроқ таркибини зарарламасдан унинг микробиологик муҳитини сақлаб қолади.