July 19, 2021

TikTok Хитой қишлоқ хўжалигини кўтармоқда!

TikTok ижтимоий тармоғи Хитой чекка вилоятларидаги фермерлар ҳосилини сотишга кўмаклашиб, мамлакатда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотуви ҳажмини бир неча баробарга оширмоқда. Истеъмолчиларнинг кўпайишига фермерларнинг самимийлиги ва маҳсулот етиштириш жараёнларининг шаффофлиги сабаб бўлмоқда.

Douyin компанияси ҳисоботида келтирилишича, интерактив жонли эфир ҳамда қисқа видеолар фермерлар даромадларини 15 баробарга оширган. Масалан, Юньнань вилоятида фаолият юритадиган Цзинь Говэя 2018 йилни қарз билан якунлаганди.

2020 йилда «Анор ака» ники остида ижтимоий тармоқларда машҳурликка эришган фермер етиштирган меваларини 300 миллион юанга сотишга муваффақ бўлди. Бир куни у ҳатто 20 дақиқа ичида 6 миллион юанлик анорини сотиб юборган.

Ижтимоий тармоқлардан унумли фойдаланган яна бир фермер Го Чэнчэн WeChat тармоғи орқали бир кунда юзлаб буюртмалар қабул қилади. Эндиликда у TikTok ижтимоий тармоғида 2,5 миллион обуначига эга. У битта жонли эфир давомида 50 мингта буюртма олади ва ҳар ой 9 миллион юан даромад қилади.

Фермерлар ўз муваффақиятлари учун қисман пандемиядан миннатдор бўлишилари лозим. Чунки 23 миллион ишини йўқотган хитойликлар шаҳардан қишлоққа кўчиб ўтган. Локдаун давомида эса одамлар тайёр маҳсулотлардан кўра янги етиштирилган дала маҳсулотларига кўпроқ эҳтиёж сезади. Бу борада уларга ижтимоий тармоқлар ёрдамга келди ва майда фермерларни таниқли тадбиркорларга айлантирди.