ЎЗБЕКИСТОНДА САБЗИ НАРХИ НЕГА ҲАЛИ ҲАМ ПАСАЙМАДИ?
Жорий йил июль ойининг 20 санасидан бери Ўзбекистонда сабзи нархининг биринчи марта пасайиши қайд этилди, аммо кам даражада. Шунда ҳам мамлакатда сабзининг улгуржи нархлари бошқа давлатларга қараганда 1,5-3,7 баробар юқорилигича қолмоқда.
Июль ойи бошидан бошлаб, Россияда сабзи нархи кескин туша бошлади. Чунки, 2021 йилги мавсум ҳосили бозорга кириб кела бошлади ва ҳар ҳафта Россия бозорига маҳаллий фермерлардан сабзи етказиб бериш ҳажми ортиб борди.
Ўзбекистонда эса сабзи учун жорий улгуржи нархлар рекорд даражада сақланиб қолмоқда. Бу 2019-2020 йиллардаги шу санага нисбатан тахминан 3,5 баравар юқоридир. Қулай иқлим шароити туфайли Ўзбекистонда сабзи йил давомида 4 марта экилиб, шунга кўра йилига тўрт бор сабзи ҳосили олинади.
2021 йилги мавсумда – қишки ва «эртаги» сабзи ҳосилини йиғиш даврида ҳар иккисининг нархига ташқи бозорларда ушбу маҳсулотга талаб ошгани таъсир кўрсатди. Aммо, июлдан бошлаб, ташқи бозор омилининг таъсири аста-секин йўқ бўла бошлади. «Ўртаги» сабзи йиғим-теримининг ёз ўрталарида бошланиши сабзи нархи пасайишига олиб келиши кутилган эди. Бироқ, унинг йиғим-терими бошлангандан кейин бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач ҳам нарх пасайиши кузатилмаяпти. Бошқача айтганда, «ўртаги» сабзи ҳосили ҳажми бунинг учун етарли бўлмади.