Ўзбекистонда узумнинг оммавий экспорт мавсуми бошланди
Ушбу ҳафта бошидан буён Ўзбекистон узумларини етказиб бериш сезиларли даражада кўпайди, бу узумни ташқи бозорларга оммавий экспорт қилиш бошланганидан далолатдир. Ўтган йиллардаги статистик маълумотларга қараганда, Ўзбекистондан узумнинг 93-98 фоизи июлдан декабргача экспорт қилинади, ушбу ҳажмнинг тахминан 80-90 фоизи – августдан ноябрга қадар жўнатилади. Шундай қилиб, 2021 йилги мавсум одатдаги вақтда бошланмоқда.
Узум Ўзбекистондан сархил мевалар экспорти рейтингида миқдор бўйича ҳам, тушадиган маблағ бўйича ҳам биринчи ўринда туради. 2017 йилдан 2020 йилга қадар мамлакат ташқи бозорга 117 мингдан 141 минг тоннагача сархил узум экспорт қилди ва 2020 йил якуни бўйича экспортдан тушган даромад 133 миллион долларни ташкил этди.
Ўзбекистон узумининг асосий, йирик экспорт бозорлари Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон бўлиб, бу мамлакатларнинг Ўзбекистон сархил узуми экспортидаги умумий улуши 98-99 фоизни ташкил қилади. Сўнгги 4 йил ичида Мўғулистон, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Германия, Польша, Туркия Афғонистон, Латвия, Литва, Тожикистон ва Туркманистонга кичик ҳажмда (17 дан 70 тоннагача) сархил узум етказиб берилди.
Шу ўринда эслатиб ўтишни жоиз деб топдик. "Ifoda" компанияси ўзбекистонлик узумчи-боғбонларга сифатли маҳсулот етиштиришда асқотадиган тавсия ҳамда маслаҳатлари, ўсувга ёрдам берувчи препарат ва ўғитлари билан доим кўмак беришга тайёр.