Психосаматика нимани ўрганади?
Психосоматика тиббиётининг янги ва ёш ривожланиб бораётган сохаси. Технология асрида кўп сохалар ривож топмоқда аммо миллионлаб одамлар қалбида пайдо бўлган руҳий зарбачи? Уларни қандай бартараф қилиш керак ва бу муаммо билан ким шуғулланади? Ўзбекистонда тиббий-психологик ёрдамни кенг қамровда олиб бориш пайти келмадими? Ушбу муаммо билан боғлиқ саволларга жавоб олиш учун биз Тиббий психолог, профессор Зарифбой Ибодуллаевга юзландик.
Савол Психосоматика тарихи хақида қисқача тўхталиб ўтсангиз. Бу соха психология ва психиатриядан қайси жихатлари билан фарқ қилади ёки боғланади? Касаллик фонида кечувчи психологик ўзгаришларни умумий жихатлари қандай?
Жавоб 1924 йили немис олими Эрнст Кречмер “Тиббиёт психологияси” ни психиатриядан ажратиб алоҳида фан деб эълон қилади. Кейинчалик тиббий психолог ва психотерапевтлар алоҳида мутахассислик сифатида тан олинади ва беморларни мустақил даволашга рухсат берилади.
Иккинчи жахон урушидан кейин Европа ва АҚШда психосоматик тиббиёт ривожланиб бошлайди.
1950 йили Александр Мичерлих Германиянинг Гейдельберг университетида биринчи бор “Психосоматик тиббиёт” клиникасини очади.
1960-1970 йиллар ичида деярли барча Европа давлатларида “Психосоматик тиббиёт ва психотерапия марказлари” ташкил этилади. Европа, АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Канада каби йирик давлатларда “Психосоматик тиббиёт ва психотерапия” бўйича Илмий жамиятлар, журналлар ва мактаблар сони кескин кўпаяди.
1990-2000 йиллар ичида Россия Федерациясида ҳам “Тиббий психология ва психотерапия” кескин ривожланган даврлардир. 2003 йили Россияда “Психотерапевтик ёрдам” тўғрисида Қарор қабул қилинади. Шунингдек Россия, Украина ва Белорусда соғлиқни сақлаш тизимига “Тиббий психолог ва психотерапевт” ларни жалб қилиш борасида бир қатор қарорлар қабул қилинади.
2012-2013 ўқув йилларида Ўзбекистонда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ва Тошкент тиббиёт академиясида “Тиббий психология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординатура йўналишлари очилади.
2017 йил апрел ойида Ўзбекистон тарихида биринчи бор “Психосоматик тиббиёт: муаммо ва ечимлар” мавзусида Тошкент ва Самарканд шаҳарларида Ҳалқаро анжуман ўтказилди. Унда Португалия, Польша, Латвия ва Белоруссиядан шу соҳанинг етакчи олимлари иштирок этишди.
Савол Стресс хақида тушунча берсангиз. Ижобий ва салбий воқеалик хам бирдек стресс чақириши мумкинми? Иппохондрик типдаги фикрлаш туфайли хам соматик касаллик вужудга келиши қанчалик хақиқат?
Жавоб Тиббиёт тарихчилари фикрига кўра, бундан 1000 йиллар олдин Ибн Сино қўрқув, хавотир, ваҳиманинг саломатликка зиёнли таъсирини айнан аҳоли орасида вабо касаллиги тарқалган пайтда айтган экан. “Тиб қонунлари” китобини варақлар экансиз, ҳар қандай касалликда асаб мустаҳкамлиги ва руҳий қувватнинг кучи нафақат турли касалликларгачалинишдан асраш, балки бирор касалликка чалинган тақдирда ҳам ундан тезроқ тузалиб кетишга мезон яратади. Улуғ бобоколонимиз айтган ушбу иборалар XIX-XX асрга келиб Европа олимлари томонидан олиб борилган физиологик тадқиқотларда ўз исботини топди. Бу кашфиётлар учун 3 нафар физиолог ва нейрофизиологлар Нобел мукофоти совриндори бўлган.
Савол Ўзбекистонда Психосоматика сохасига жиддий эътибор берилса бу қанчалик тиббий, иқтисодий ва маиший фойда келтиради? Бу фан олдидаги тўсиқлар нималар ва қандай келажак кутиб турибди?
Жавоб
Ўзбекистонда мавжуд муаммолар:
1- Муаммо: Ўзбекистонда ханузгача “Тиббий психология ва психотерапия” кафедралари йўқ. Бу фанни психиатрлар ўқитиб келмоқда. Тиббиёт институтлари учун янги тузилган 6 йиллик дастурда “Психотерапия” рукни умуман йўқ. Бошқа давлатларда бу йўналишга катта соатлар ажратилган.
2- Муаммо. Ишсизлик муаммоси. Тиббий психология ва психотерапия ханузгача номенклатурага киритилмаган (Вазирликка 3 йилдан буён мурожаат қиламиз). Тиббий психология бўйича магистратура ва клиник ординатурани тугатганлар қўлида дипломи билан ишсиз юрибди. Чунки бирорта даволаш-профилактика муассассасида “Психосоматик тиббиёт” бўлими йўқ, оилавий поликлиникаларда эса “Тиббий психолог ва психотерапевт” кабинетлари йўқ.
3- Муаммо. Болалар ва ўсмирлар муаммоси. Ўта долзарб муаммо! Суицидлар кўпайиб кетишининг асл сабаби – ўсмирлар билан ишлайдиган тиббий-психологик ёрдам тизимининг мутлақ йўқлиги. Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар орасидаги ҳулқ-атвор ҳамда психосоматик бузилишларни ханузгача психиатрлар даволаб келишмоқда. Бунинг асоратини биз ҳар куни кўриб турибмиз, чунки 15 ёшгача бўлган даврда психотроп дориларни тавсия этиш аксарият давлатларда ман қилинган. Шунинг учун ҳам бир қатор Европа давлатларида бу амалиётдан воз кечиб, ҳулқ-атвор бузилишларини коррекция қилишни тўла тўкис “Тиббий психолог ва психотерапевт” ларга юклаган.
4- Муаммо: Психогигиена ва психопрофилактик муаммоси. Ўзбекистонда психогигиена ва психопрофилактикага оид на дастур, на бирорта қонун бор. Ушбу муаммо тўлиқ ишга туширилса, аҳоли орасида қанчадан-қанча психологик бузилишлар ва психосоматик касалликлар олди олинади.
5- Муаммо: Ўзбекистонда тез тиббий-психологик ёрдам тизимининг йўқлиги. Хатто атрофимиздаги давлатларда бу тизим йўлга қўйилган. Фавқулодда вазиятларда жабрланганларга психотерапевтик ёрдамни ким кўрсатади ва қандай кўрсатади?!
6- Муаммо: Тиббий психология ва психотерапия бўйича Илмий кадрларни тайёрлаш тизими ҳам табиийки йўқ.
Таклифлар:
1-таклиф: Барча тиббиёт институтларида “Тиббий психология ва психотерапия” кафедраларини очиш. Бунинг учун бизда ёш кадрлар етарли. Чунки 2014-2015 йилдан буён магистратура ва клиник ординатура орқали “Тиббий психолог” лар етишиб чиқмоқда.
2-таклиф: Тиббий психологиянинг асосий мақсади – психосоматик тиббиёт ва психотерапия бўйича мутахассис тайёрлаш экан, ўқув базаларини психиатрия шифохоналарида эмас, балки соматик шифохоналарда ташкил этиш.
3-таклиф: Даволаш-профилактика муассасаларида “Психосоматик тиббиёт бўлимлари”, маслаҳат поликлиникалари ва оилавий поликлиникаларда “Тиббий психолог ва психотерапевт” кабинетларини очиш.
4-таклиф: Тошкент шаҳри ҳамда ҳар бир вилоятда “Болалар ва ўсмирларга тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” марказларини ташкил этиш. Педиатрия клиникаларида “Психосоматик тиббиёт бўлимлари” ҳамда “Тиббий психолог ва психотерапевт” кабинетларини яратиш.
5-таклиф: Ўзбекистонда фавқулодда вазиятларда “Тез тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш” тизимини ишга тушириш. Бу тизим, масалан, Россияда жуда яхши йўлга қўйилган.
6-таклиф: Тиббиёт институтларида тиббий психологияга бор-йўғи 36 соат ажратилган. Бу жуда кам. Умумий клиник соатларнинг 1 % ига ҳам етмайди?! Ўқув соатларини кескин ошириш зарур. Чунки ҳар иккинчи касаллик – бу психосоматик касаллик! Уларни эса фақат тиббий психолог ва психотерапевт даволайди.
7-таклиф: Яқинлашиб келаётган ўқув йилидан бошлаб “Тиббий психология ва психотерапия” бўйича магистратура ва клиник ординатурага квоталар сонини ошириш (камида 30 нафар). Тиббий психолог ва психотерапевтлар Кардиология, Терапия, Сил касалликлари, Педиатрия, Нейрохирургия, Тез тиббий ёрдам, Урология, Тери ва таносил касалликлари, ОИТС маркази, Реабилитация ва соғломлаштириш марказларига ҳам керак.
8-таклиф: Тошкент шаҳрида “Психосоматик тиббиёт Илмий маркази” ни яратиш ва вилоятларда унинг филиалларини очиш. Бу марказ ўта муҳим ва иқтисодий томондан ўзини бир йилда оқлайди.
Савол Шахсан ўзингиз бу сохада қандай ишлар амалга оширдингиз ва қандй режалар келажакда бор. Психосоматика олдида турган илмий амалий муаммоларни хам айтиб ўтсангиз.
Жавоб Авваломбор бироз тарихий маълумотлар берсам. 1997 йили 2-ТошМИ алоҳида “Тиббиёт психологияси” курси очилди. Мустақилликдан кейинги даврлар! Ўзбек тилида зарур ўқув адабиётлари тайёрлаб бошланди. Европа тажрибасини ўрганиб 2008 йили “Тиббиёт психологияси” дарслигини яратдик. 2009 йили “Йилнинг энг яхши дарслиги” совринига сазовор бўлди. 2012 йили “Тиббиёт психологияси” дарслиги яна нашр қилинди, 2019 йили биз бу дарсликни мутлақ қайта кўриб чиқиб, ЖССТ ва тиббий-психологик мактаблар тажрибасини ўрганиб чиқиб ушбу дарсликнинг 3-нашрини чоп қилдик.
Биз ўша даврдаёқ Республикамиз учун “Тиббий психолог” кадрларни тайёрлаш масаласани кўтарганмиз. Бунинг учун тиббиёт институларида “Тиббий психология” мутахассислиги бўйича магистратура ва клиник ординтура йўналишларини очиш ва дастлаб зарур меъёрий хужжатларни тайёрланди
Устоз, жавобларингиз учун ташаккур!
Абдулазизхон Акрамов суҳбатлашди.