Ходим қанча муддатга хизмат сафарига юборилиши мумкин?
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2003 йил 29 августда 1268-сон билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг 2003 йил 24 июлдаги 83-сон ва 7/12-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг 4-бандига кўра, ходимларни хизмат сафари муддати ташкилот раҳбари томонидан белгиланади ва ҳар бир ҳолат учун йўлда бўлиш вақтини ҳисобламаганда, ҳар бир ҳолда 40 кундан ошмаслиги керак. Монтаж, созлаш ва қурилиш ишларини бажариш учун юбориладиган ишчилар, раҳбарлар ва мутахассисларнинг хизмат сафари эса 12 ойдан ошмаслиги лозим. Хизмат сафарининг муддатини узайтиришга фавқулодда ҳолларда ходимни хизмат сафарига юборишга буйруқ берган ташкилот раҳбарининг ёзма рухсати билан йўл қўйилади. Қонун ҳужжатларида қандай ҳоллар фавқулодда ҳоллар деб ҳисобланиши белгиланмаган. Шу сабабли маъмуриятнинг ўзи уларнинг фавқулодда ҳоллар деб ҳисобланиши ёки ҳисобланмаслигини ҳал қилади. Мисол учун, ходим хизмат сафари вақтида ўзига топширилган топшириқни бажаришга улгурмаган ёки қўшимча топшириқни бажариш зарурати пайдо бўлган ҳол фавқулодда ҳол бўлиши мумкин.