Кимларга нисбатан дастлабки синов муддати қўлланилмайди?
Меҳнат кодекси 84-моддаси 3-қисмида дастлабки синов муддати жорий қилинмайдиган шахслар доираси белгилаб қўйилган. Унга кўра қуйидагиларга синов муддати жорий қилинмайди:
- ҳомиладор аёлларга;
- уч ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга;
- корхона учун белгиланган минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларга;
- олти ойгача муддатга ишга қабул қилинган шахсларга.
Умуман олганда, меҳнат шартномасини дастлабки синов шарти билан тузилиши хар иккала тарафга ҳам муайян имконият яратиб беради. Биринчидан, иш берувчи ходимнинг топширилаётган ишга лаёқатлилигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлса, иккинчидан, ходимда меҳнат шартномасида шартлашилган ишни давом эттиришнинг мақсадга мувофиқлиги ҳақида бир қарорга келиш имконияти бўлади. Албатта, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 85-моддасига кўра, дастлабки синов муддати уч ойдан ошиб кетиши мумкин эмас. Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим узрли сабабларга кўра ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига киритилмайди.
Дастлабки синов даврида ходимларга меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва корхонада ўрнатилган меҳнат шартлари тўлиқ татбиқ этилади ҳамда мазкур давр меҳнат стажига киритилади.
Иштихон туман адлия бўлими