June 7, 2020

Маъмурий ҳужжат ваколатли органнинг айби билан нотўғри расмийлаштирилганда ёки қабул қилинганда жисмоний ва юридик шахслар зарар кўрмаслиги лозим

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун талабига кўра манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилиниши лозим бўлган ҳолларда маъмурий ҳужжатни бекор қилиш ёки ўзгартириш масаласи суд тартибида кўриб чиқилади.

Агар шахс маъмурий ҳужжатнинг қонуний кучига ишониб, маъмурий ҳужжат асосида олинган мол-мулкдан фойдаланган, ўз мулкини тасарруф этиш учун битим тузган ёки маъмурий ҳужжатдан бошқача тарзда фойдаланган бўлса, унинг ишончи ҳимоя қилинади.

Масалан, дейлик, тадбиркорлик субъекти ёки жисмоний шахс лицензияланадиган фаолият тури билан шуғулланиш учун ваколатли маъмурий органга ҳужжатларни тўлиқ топширган.

Лицензия беришга ваколатли орган тадбиркорлик субъектига
(ёки жисмоний шахсга) маълум бир фаолият тури билан шуғулланиши учун лицензия расмийлаштириб берган.

Бироқ, кейинчлик ваколатли орган томонидан лицензияни расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилган “жузий” камчилик аниқланиб, лицензия бекор қилиши ёки тадбиркорлик субъектига нисбатан чоралар (лицензияни тўхтатиб туриш, бекор қилиш ёки маъмурий жарима кабилар) кўлланилиши мумкин эмас.

Сабаби, бу ваколатли органнинг камчилиги (хатоси) бўлиб, бундай ҳолатда тадбиркорлик субъекти зарар кўрмаслиги лозим.

Бошқа бир мисол, Сизга белгиланган тартибда ер ажратилган. Сиз тегишли ҳоким қарорига ишониб, уй-жой қурдингиз ва унга мулк ҳуқуқини тасдиқловчи барча ҳужжатларни олдингиз.

Бироқ, кейинроқ ҳоким қарорини расмийлаштириш жараёнида йўл қўйилган жузий камчиликлар важ қилиниб, қарор бекор қилиниши ва Сиз қурган уйни бузишни талаб қилишлари мумкин.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун бундай ҳолатларда жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилади.

Яъни, Қонуннинг 12-моддасида фақат расмий қоидалар ва талабларга риоя этилиши мақсадидагина уларга ҳуқуқлар беришни рад этиш ёки уларнинг ҳуқуқларини бошқача тарзда чеклаш маъмурий органларга тақиқланган.

Бунда, манфаатдор шахс виждонан ҳаракат қилган, ўз мажбуриятларини мазмунан бажарган бўлса ҳамда расмий қоидалар ва талабларнинг йўл қўйилган бузилишлари маъмурий ишни мазмунан тўғри ҳал қилишга тўсқинлик қилмаса, ваколатли орган томонидан расмий қоидалар ва талабларга риоя этилмаганлиги номувофиқ маъмурий ҳужжатни қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қила олмаслиги қатъий белгиланган.

Шунингдек, Қонуннинг 16-моддасига кўра виждонан ҳаракат қилувчи манфаатдор шахснинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончи қонун билан қўриқланиши, маъмурий орган манфаатдор шахснинг юзага келган маъмурий амалиёт билан боғлиқ қонуний кутилган натижаларини ҳурмат қилиши шарт.

Қонуннинг 56-моддасида манфаатдор шахснинг ишончи ҳимоя қилинмайдиган ҳолатлар ҳам аниқ белгиланган, яъни:

- манфаатдор шахс маъмурий ҳужжат билан боғлиқ бўлган қўшимча мажбуриятларини бажармаган бўлса;

- манфаатдор шахс ўзига маъмурий ҳужжат асосида тақдим этилган пул маблағларидан, буюмдан ёки ҳуқуқдан мақсадли фойдаланмаган бўлса;

- манфаатдор шахс маъмурий ҳужжатнинг ғайриҳуқуқийлигини билган ёки ўз айбига кўра бу ҳақда билмаган бўлса;

- маъмурий ҳужжат алдаш, таҳдидлар ёки маъмурий органга бошқача тарзда ғайриҳуқуқий таъсир кўрсатиш оқибатида қабул қилинган бўлса;

- қонун манфаатдор шахслар ишончининг ҳимоясини ҳисобга олмаган ҳолда маъмурий ҳужжатни бекор қилишни талаб этса.

Ушбу ҳолатларни ҳар бир фуқаро билиши, давлат органлари билан муносабатларга киришишда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда белгилаб берилган ваколатларидан фойдаланиши лозим.

Маъмурий тартиб-таомилларни самарали амалга оширилиши мамлакатимиз тараққиётига, фуқароларнинг Қонунга бўлган ишончини ошишига хизмат қилади.

Адлия вазирлиги фуқароларимизга, тадбиркорлик субъектларига, хорижий инвесторларга ҳамда маъмурий тартиб-таомилларни амалга оширувчи барча ваколатли органларга “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ваколатлардан фойдаланишларида ҳамда Қонун ижросини ташкил этишида ҳар томонлама амалий ёрдам бериб боришини маълум қилади.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Бунёд Азизов