May 20, 2020

Адлия вазири андижонлик адлия фахрийси ҳолидан хабар олди

Шу кунларда Адлия вазири Русланбек Давлетов Андижон вилоятида хизмат сафарида бўлиб турибди. Сафардан мақсад кластерлар фаолиятини ўрганиш, жойларда “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси қандай йўлга қўйилгани билан яқиндан танишишдир.

Сафар чоғида Р.Давлетов адлия органлари тизимида 32 йилдан ортиқ самарали меҳнат қилган фахрий ходимлардан бири Эътиборхон Мўминованинг хонадонида бўлди.

Эътиборхон Мўминова — 1955 йил 11 апрелда Жалақудуқ туманида туғилган. 1980-2012 йилларда Жалақудуқ туман ФҲДЁ бўлимида турли лавозимларда ишлаган. Тақдир тақозоси билан, фахрий Эътиборхон ая мана 8 йилдирки дардга чалиниб, 1-гуруҳ ногирони бўлиб қолди.

Адлия вазири меҳнат фахрийси билан самимий мулоқотда бўлиб, унинг адлия органлари фаолиятида ҳалол ва виждон билан ишлагани доимо ёш ходимларга ўрнак қилиб кўрсатилиши, бунинг учун вазирлик жамоаси аядан миннатдор эканлигини билдирди.

Адлия вазири томонидан Эътиборхон аяга бетоблар учун мўлжалланган махсус ўрин тўшак берилди.