March 2, 2020

Қаерларга ташқи реклама объектларини ўрнатиш тақиқланган?

Ушбу саволга 2020 йилнинг 28 февраль куни Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли матбуот анжуманида соҳа мутахассислари томонидан аниқлик киритилди. Қайл этилишича, бу тартиб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорида акс этган. Бўлиб ўтган тадбирда ушбу ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тушунтирилди.

Қарорга мувофиқ, ер участкаларидаги ташқи реклама объектлари учун 10 йил муддатга, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлардаги ташқи реклама объектлари учун 5 йил муддатга ДХМлар орқали реклама жойлари паспортларини бериш бир марталик йиғим суммасини тўлаш орқали амалга оширилади.

Ер участкасига ўрнатилган видео экранли ташқи реклама объектлари учун кўрсатилган муддат қўшимча 10 йил муддатга узайтирилади.

Ҳозирга қадар қонуний ўрнатилган ташқи реклама объектларини мазкур қарор талабларига мослаштириш учун 6 ой муддат берилди.

Ушбу муддатда мослаштирилмаган реклама объектлари эгалари томонидан ихтиёрий равишда ўз кучи билан олиб ташланади (акс ҳолда бу иш суд тартибида амалга оширилади).

2020 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятнинг алоҳида тартиби жорий қилинади.

Бунда, ташқи реклама объектларини ер участкаларида жойлаштириш ҳуқуқи ("E-IJRO AUKSION" орқали) фақат юқори технологияли ташқи реклама объектларига берилади.

Қарор билан ташқи реклама объектларини ўрнатиш тақиқланган ҳудудлар белгиланди. Жумладан, тротуар ва пиёдалар йўлакларида ташқи реклама объектларини ўрнатиш тақиқланади.

Қарор билан ташқи реклама объектларини қуриш тартиби, қуриш учун бериладиган ер, бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, қуриш ҳуқуқини электрон аукцион орқали бериш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 5 га яқин қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4606-сон қарорига мувофиқ, “Асака” АТБга хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси кредит линияси тақдим этилади.

Жамғарманинг кредит линияси 10 йилгача муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр, “Асака” АТБ маржасини ҳисобга олмасдан йиллик 5 фоиз ставка билан ҳудудларда янги импорт тиббиёт ускуналари (косметологияга оидлари бундан мустасно) ва уларга бутловчи қисмларни харид қилиш учун тақдим этилади.

Эслатиб ўтамиз, “Асака” АТБ орқали республиканинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш бўйича 286 та лойиҳа амалга оширилган.

Брифингда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг қимматбаҳо навларини сақлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими