Адлия органлари томонидан навбатдаги диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди
Мамлакатда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш, динлараро, миллатлараро ва конфессиялараро тинчлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда бағрикенглик маданиятини шакллантириш энг устувор мақсадлардан бири ҳисобланади.
Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади.
Ҳозирги кунда республикада 16 та конфессияга оид 2286 та диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Улардан 2098 таси исломий ҳамда 188 таси ноисломий диний ташкилотлардир.
2020 йилнинг ўтган даври мобайнида адлия органларига исломий конфессияга оид диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги мурожаатлар билан бир қаторда ноисломий конфессияларга мансуб диний ташкилотлар бўйича ҳам мурожаатлар келиб тушди.
Жорий йилнинг 15 июль куни Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида “Имом Раббоний” жомеъ масжиди ва 12 август куни Олмалиқ шаҳрида “Ҳилол” жоме масжиди ўз фаолитини бошлади.
Ўз навбатида Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қуйидаги ноисломий конфессияларга мансуб диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди:
- 2020 йил 6 июлда Тошкент шаҳар “Агапе” тўлиқ инжил христианлари черкови;
- 2020 йил 20 июлда Фарғона шаҳар “Новоапостол” черкови;
- 2020 йил 7 августда Самарқанд шаҳар “Еттинчи кун христиан адвентистлар черкови”;
- 2020 йил 10 августда Нукус шаҳар “Надежда” тўлиқ инжил христианлари черкови;
- 2020 йил 12 августда Олмалиқ шаҳар “Соль земли” Евангел-христиан черкови.
Мазкур ҳолат мамлакатимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқимизга азал-азалдан хос бўлган бағрикенглик ва маърифатпарварлик каби қадриятлар билан қанчалик ҳамоҳанг равишда олиб борилаётганлигидан далолат беради.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими