February 24, 2020

Ижро ҳокимияти тизимини модернизация қилиш ва мақбуллаштириш – замон талаби

Мамлакатни ривожлантиришнинг замонавий босқичида кенг миқёсли ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мақсадларига эришиш давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли тизимини яратиш, жойлардаги давлат бошқаруви ва ижро ҳокимияти органларининг уйғун фаолиятини ташкил қилишни тақозо этади.

Маъмурий ислоҳотлар концепциясининг қабул қилиниши юртимизда давлат бошқарувини ислоҳ қилишнинг тизимли механизмларини йўлга қўйиш йўлидаги мутлақо янги босқич бўлди. Унинг асосий мақсади - амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларининг тўлақонли ижросини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тараққиёт билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва самарали ҳал қилишга қодир давлат бошқаруви тизимининг рисоладаги фаолиятини йўлга қўйишдан иборат.

Бу борада Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг йўналишларидан бири дастурий бюджетлаш ва ҳокимиятнинг вакиллик органлари томонидан раҳбарлар ҳисоботларини тинглаш амалиётини жорий этиш орқали мақсад кўрсаткичлари ва стратегик ривожланиш дастурлари ижросининг самарадорлигига эришишга асосланган барча даражадаги ижро ҳокимияти органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш эканлигини таъкидлаш жоиз.

Мазкур йўналишда давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Шу тариқа, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги Қонунида Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятини баҳолаш ва улар томонидан мақсадли вазифаларга эришишнинг асосий мезонларини ҳисобга олган ҳолда мақсадли вазифаларга эришишни таъминлаши белгилаб қўйилган. Самарадорликни ошириш мақсадида шунингдек алоҳида давлат бошқаруви органлари самарадорлигининг устувор йўналишлари ва муҳим кўрсаткичлари белгилаб қўйилган. Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги шулар жумласидан.

“Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши вазирликларда фуқаролар сўров ва мурожаатномаларини кўриб чиқиш механизмларини кўриб чиқиш учун муҳим туртки бўлиб хизмат қилди. Фуқаролар ва давлатнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатлар бузилиши билан боғлиқ низолар яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига мувофиқ янги ташкил этилган маъмурий судларда кўриб чиқилмоқда. Шунингдек, мазкур механизм давлат бошқаруви органлари фаолиятини ошириш имконини беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга мувофиқ Халқ қабулхоналарининг секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби, Халқ қабулхоналари фаолиятини баҳолаш тартиби ва уни баҳолаш мезонлари, “намунали”, “яхши”, “қониқарли” тоифалар бўйича маҳалла ҳудудлари ҳолатини таснифлаш мезонлари тасдиқланди. Эътиборлиси шундаки, 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида Президентимиз Ш. М. Мирзиёев ижро органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш бундан буён Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш асосида амалга оширилишини таъкидлади.

Шунингдек, Президентимиз томонидан илгари сурилган маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларни самарали ҳал этиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш учун масъул бўлган давлат бошқаруви органи – Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этишга доир ташаббусининг долзарблигини ҳам қайд этиш зарур. Мазкур ташаббусни амалга ошириш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини сезиларли равишда ошириш, давлатнинг халқ билан мулоқотини сифат жиҳатдан янги босқичга ошириш ва жойлардаги муаммоларни таъсирчан ҳал этиш имконини беради.

Шунингдек, ижро бўғини фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 декабрдаги ПҚ–4546-сонли “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

  • маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 11 та функция ва ваколатини тегишли давлат бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш;
  • давлат органлари ва ташкилотлари томонидан фуқаролардан 32 турдаги ҳужжатлар талаб этилиши, шунингдек, уларнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилиши таъқиқланди;
  • 29 та идоралараро ҳайъат органлари тугатилди.

Шу билан бирга, Президентимиз ўз Мурожаатномасида ҳокимликларда қариийб 300 та вазифа ва функция мавжудлиги, уларнинг 175 таси уларга хос эмаслиги ва бошқа идоралар функцияларини такрорлаши, бу эса уларнинг фаолияти етарли даражада самарали эмаслиги ва ортиқча қоғозбозликлар мавжудлигидан далолат беришини таъкидлади. Мазкур ҳолат ижро ҳокимияти органлари фаолиятини ошириш бўйича қилинадиган ишлар талайлигини кўрсатади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва аҳолини қийнаётган муаммоларни аниқлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш қисқа муддатда фуқароларнинг давлат органларига ишончини ошириш, хусусан, халқ билан давлат аҳамиятига молик масалаларни бевосита муҳокама қилиш, юртдошларимизнинг ҳар бир долзарб мавзуга доир фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш имконини берди. Мазкур жараённинг аҳамиятли жиҳати шундаки, халқимиз ўз вакиллари, яъни депутатлар орқали мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини нафақат кузатиб, балки назорат қилиб бормоқда. Ижро ҳокимияти органларининг вакиллик органлари олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш ҳокимиятнинг ижро бўғини демократия даражасини аниқлаб берувчи Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотларнинг муҳим йўналиши ҳисобланади.

Конституциямизнинг 103-моддасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокими тегишли халқ депутатлари Кенгашига вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисобот тақдим этади, улар бўйича халқ депутатлари Кенгаши томонидан тегишли қарорлар қабул қилинади, деб белгилаб қўйилган. Мазкур тартиб-тамойил механизми “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунда батафсил баён этилган. Унга кўра, вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботи тегишли халқ депутатлари Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятларда ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятларда ва Тошкент шаҳрида тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

Шунингдек, мазкур йўналишда ушбу институтни кучайтириш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва Олий Мажлис Сенати Кенгашларининг 2019 йил
3 апрелдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қўшма қарори билан вилоят, туман, шаҳар ҳокимларининг Халқ депутатлари Кенгашлари раислари сифатидаги мақомини бекор қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ҳозирги вақтда Қонунчилик палатасида амал қилаётган янги механизм, яъни Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари томонидан Олий Мажлисга муҳим парламент қарорлари ва қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш билан бир қаторда давлат дастури ижроси ҳақида чорак ҳисобот тақдим этиш амалиёти такомиллаштирилмоқда. Бундан ташқари, Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” институти киритилиб, унинг давомида Ҳукумат аъзолари депутатлар саволларига жавоб беради, 2019 йилдан эса қуйи палата томонидан Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқиш амалиёти амал қилмоқда.

Олий Мажлисга Мурожаатномасида давлатимиз раҳбари парламент ва Халқ депутатлари кенгашларида давлат органлари раҳбарлари ва ҳокимларнинг фуқаролар мурожаатларида кўтарилган масалалари қай даражада ҳал этилаётгани тўғрисидаги ҳисоботларини мунтазам эшитиш тизимини йўлга қўйиш зарурлигини қайд этди. Шу билан бирга, жойлардаги вакиллик органлари фаолиятига Кенгаш сўровини жорий этиш ва ҳокимлар ўзига тақдим этилган ваколатлардан қанчалик самарали фойдаланаётганини аниқлаш имконини берувчи янги назорат тизимини яратиш таклиф этилди. Эндиликда маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадларини тақсимлаш, нафақаларни адолатли белгилаш, ижро органлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилиш асносида амалга оширилади.

Мазкур ташаббуслар ҳокимнинг депутатлар тимсолидаги вакиллари орқали халқ билан узлуксиз мулоқотини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Зеро, халқни жамият ҳаётидаги янгиликлардан хабардор қилиш ва халқ томонидан сайланган депутатлар орқали ҳукумат фаолиятини баҳолаш амалиёти мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги реал воқеликка айланиб бормоқда.

Акбар Ташкулов Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари