Ташқи ишлар вазирлигида ҳуқуқий маслаҳат курслари ташкил этилди
“Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” Фуқаролар онгида мана шу ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш борасида зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Бу борада айниқса давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантиришга қаратилган ишлар кучайтирилди.
Адлия вазирлиги томонидан шу мақсадда давлат идора ва ташкилотларида бепул ҳуқуқий ўқув курслари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Шундай тадбирнинг навбатдагиси Ташқи ишлар вазирлигида ташкил этилди.
Ўқув курсларида ходимларга Конституция ва инсон ҳуқуқлари, меҳнат қонунчилиги, коррупцияга қарши курашнинг самарадорлигини таъминлаш ҳамда қонун ҳужжатларининг ижросини тўғри йўлга қўйиш борасида тушунтиришлар берилди.
Ўқув машғулоти давомида ходимларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими