August 24, 2020

Бепул юридик ёрдам – амалиёт, имкониятлар, муаммолар

Ҳар бир давлатда аҳолига малакали ҳуқуқий ёрдам тизими бўлиши, у фуқароларнинг оғирини енгил қилиши лозим. Мамлакатимизда бу борада етарлича замин яратилган, эндиликда ушбу тизимни такомиллаштириб бориш долзарб масалалардан биридир.

Хўш, бугунги кунда бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизими ва у орқали фуқароларга қандай имкониятлар яратилган? Даставвал шуларга тўхталиб ўтсак.

Конституцияда фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланган.

Шунингдек, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш жиноят ишларида айрим тоифадаги ишлар бўйича Жиноят процессуал кодексининг тегишли моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 20 июндаги “Адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун давлат ҳисобидан ҳақ тўлаш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ва бошқа норматив ҳужжатлар асосида амалга оширилади.

Қонунчиликка мувофиқ фуқароларни адвокатлар томонидан юридик ёрдам кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлашдан озод қилиш ва харажатлар давлат ҳисобига ўтказилиши белгиланган

Амалдаги қонунчиликка асосан қандай ҳолларда фуқаролар бепул ёридик ёрдамдан фойдалана олади?

  • ҳақ тўлашдан озод қилиш тўғрисида суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори, суднинг ажримига асосан;
  • оиласида ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ялпи ойлик даромад меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,70 фоизидан ортиқ бўлмаганда;
  • гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи ҳимоячидан воз кечиши билан боғлиқ процессуал ҳаракатда адвокат иштирок этиши мажбурий деб ҳисобланган ҳолларда;
  • ЖПК 52-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ жиноят ишида ҳимоячининг қатнашиши мажбурий бўлган ҳолларда.

Шунингдек, Низомга мувофиқ бугунги кунда адвокатнинг ишда иштирок этиши суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси белгилаб берган адвокатлик тузилмасига мурожаатнома юбориш йўли билан таъминланади.

Гуруч курмаксиз бўлмайди деганларидек, мазкур соҳадаги ижобий жиҳатлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжуд.

Муаммолар нималардан иборат?

Биринчидан, аҳолига давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш масалаларини бошқариш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш бўйича ягона тизимнинг мавжуд эмас.

Иккинчидан, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга фақатгина жиноий суд ишини юритишда давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади, маъмурий, фуқаролик, оила, меҳнат ва ижтимоий масалаларда профессионал бепул юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларининг таъминланмаган.

Учинчидан, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчиларга давлат ҳисобидан адвокат тайинлаш жараёнига суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг аралашуви чекланмаган.

Тўртинчидан, давлат ҳисобидан жалб қилинган адвокатларнинг фаолияти натижадорлиги ва сифатини баҳолашнинг аниқ мезонлари белгиланмаган.

Шу ва шу каби ҳолатларнинг мавжудлиги давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимида асосий муаммоли ҳолатлар ҳисобланади.

Мазкур камчиликларни ҳал этиш учун таклифлар

Мазкур салбий ҳолатларни бартараф этиш учун олдимизда қуйидаги вазифалар турибди:

  • соҳага оид илғор хорижий тажриба ҳамда халқаро ҳуқуқ нормаларини чуқур ўрганган ҳолда бепул юридик ёрдамнинг самарали миллий тизимини яратиш ва ривожлантириш;
  • маъмурий, фуқаролик масалаларида ҳам профессионал бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини йўлга қўйиш.

Масалан, Россия Конституциясида бепул малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини таъминловчи норма белгиланган бўлса, Швецария Конституциясида ҳам етарли маблағга эга бўлмаган шахслар бепул тартибда юридик ёрдам олиш ҳуқуқи билан кафолатланган.

Шу жиҳатдан, давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдам сифатига оид ягона талабларни ишлаб чиқиш ва белгилаш орқали амалдаги тизимининг халқаро стандартлар мослаштириш лозим. Бу эса фуқароларнинг юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқларининг конституциявий кафолатини кучайтиради, давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатишнинг халқаро стандартларга мос шаффоф механизмини жорий этилишида муҳим аҳамият касб этади.

Зероки, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш учун шарт-шароитлар яратиш уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда адолат ва инсонпарварлик принципларини ўзида тўлиқ акс эттиради.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи

Дилмурат Умаров