August 20, 2022

Халқаро грантлар шаффоф ва қўллаб-қувватлаш орқали амалга оширилади

Давлат органларининг ННТлар томонидан халқаро грантларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишига оид Ҳукумат қарори ижтимоий тармоқда айрим муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Шу муносабат билан, мазкур қарор юзасидан Адлия вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Биринчидан,Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга асосан, давлат ННТларни қўллаб-қувватлаш шакллари ва шартларини белгилайди.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонунга кўра, ННТларнинг алоҳида ижтимоий фойдали дастурларига давлат кўмак кўрсатиши мумкин.

Ҳукуматнинг юқорида қайд этилган қарорининг асосий мақсади эса, грантларни амалга оширишда ННТларга ёрдам бериш, уларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек, уларнинг манзилли олиб борилишига ҳисса қўшишдир.

Ҳужжатнинг бирор бир қоидаси ННТларга халқаро грантларни олишда бюрократик тўсиқ ёки чеклов ўрнатишга қаратилмаган, аксинча бу борда ННТлар кўмак кўрсатишнинг институционал асосларини мустаҳкамлаш кўзланган.

Иккинчидан, мазкур ҳужжат билан олдин амалда бўлган қоидалар, яъни айнан грант лойиҳалари доирасида ишларни биргаликда самарали ташкил этиш учун ННТларга ортиқча юк эмас, кўмак назарда тутиляпти.

Ҳозир ҳам ННТлар халқаро грантлар олиб, уларни давлат органлари билан биргаликда ва ҳамкорликда ҳаётга татбиқ этиб келмоқда. Шу билан бирга, ННТларнинг халқаро грантларини амалга оширишда давлат органларининг фаолиятида ягона ёндашув бўлмаган. Айрим давлат органларининг ННТлар билан ишлаши эътибордан четда қолиб келган. Эндиликда эса, миллий ҳамкорни бириктириш орқали давлат органларига ННТларга ёрдам бериш мажбурияти юкланмоқда.

Учинчидан, ННТларнинг грант олиш жараёнлари билан боғлиқ фаолиятига салбий таъсир кўрсатадиган тартиб жорий қилинмади.

Қонунчиликка мувофиқ, ННТлар халқаро ННТлар билан тўғридан тўғри халқаро алоқалар ўрнатиши, ҳамкорлик тўғрисида тегишли битимлар тузиши мумкин.

Бунда, хорижий ҳамкорларидан пул маблағлари олишни адлия органлари билан олдиндан келишиб олиш мажбурияти амалдаги “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги Қонуннинг 8-моддасида белгилаб қўйилган.

Ушбу қарорда хорижий манбалардан олинган маблағлар доирасида грант лойиҳалари амалга оширилиш жараёнида, фақат ва фақат давлат органлари зиммаларига қўшимча вазифалар юклатилмоқда, йўл хариталари тузилади ва ижроси биргаликда таъминланади ва мониторинг қилинади.

Қарорга асосан ҳамкор давлат органини танлашда ННТларнинг фикри, таклифи устунликка эга бўлади.

Ҳужжатнинг 11-бандида миллий ҳамкор ННТга грант лойиҳасининг сифатли, ўз вақтида амалга оширилишида амалий ёрдам бериш учун масъул эканлиги, бунда миллий ҳамкорнинг ННТ ички ишларига аралашишига йўл қўйилмаслиги назарда тутилган.

Қайд этиш лозимки, давлат органлари грант бўйича тегишли режаларни ишлаб чиқишда, ННТларга зарур маълумотларни вақтида тақдим этишда, грант доирасидаги муаммоларни зудлик билан ҳал этишда ННТларга ёрдам беради.

Лойиҳаларнинг янада самарадор бўлиши учун, зарурат бўлса, тавсия ва таклифлар бериш билан чекланади холос.

Грантлар ижросига, амалга ошириш усулига давлат органларининг ҳеч қандай алоқаси йўқ. ННТлар бу борада мустақил, уларнинг грантлар бўйича позициясини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.

Жараёнлар ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди, давлат органларининг ННТларга амалий кўмак бериш бўйича масъулияти оширилди, уларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди.

Қолаверса, қарордан кўзланган мақсад – ҳар бир грант ҳақиқий самара беришига эришиш ва грант доирасидаги ҳамда давлат органларининг тегишли соҳадаги фаолияти ҳамоҳанглигини таъминлашга бўлган ҳаракат Ўзбекистоннинг айнан ташқи кўмакка янада кўпроқ очилаётганлигидан далолат беради.

Қонунларда белгиланган ННТлар фаолиятига оид кафолатлар таъминланади.

Фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий асосларини изчил такомиллаштириш, ННТларга кўмак бериш, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг фаол иштирок этишини вазирлик қўллаб-қувватлайди.

Жамоатчилик билан

алоқалар бўлими