August 6, 2020

ISO 37001:2016: Коррупцияга қарши бошқарув тизими

Коррупция жиддий ҳуқуқбузарлик тури бўлиб, жамият учун кўплаб салбий оқибатларга олиб келади. Хусусан, давлат органларининг фаолиятига нисбатан салбий қарашни шакллантиради, ривожланишга тўсқинлик қилади, инсон ҳуқуқларини шубҳа остига қўяди ва муҳтожларга ёрдам беришга тўсқинлик қилади. Коррупция, шунингдек, бизнесдаги харажатларни кўпайтиради, товарлар ва хизматлар нархини оширади, маҳсулот ва хизматлар сифатини пасайтиради ва ҳ.к.

Давлатлар қонунлар орқали коррупцияга қарши курашда катта ютуқларга эришган, аммо муаммони ҳал қилиш учун фақат қонунларнинг ўзи етарли эмаслиги намоён бўлмоқда. Шу сабабли ташкилотлар фаолиятида коррупцияга қарши курашнинг амалий ифодаси бўлган стандартларни жорий этиш зарурияти туғилган. Шу мақсадда ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизими ишлаб чиқилган бўлиб, у коррупция билан боғлиқ хатарларни бартараф этишга қаратилган механизм эканлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу стандарт ташкилотларга порахўрларга қарши тадбирларни ташкил этиш, амалга ошириш, қўллаб-қувватлаш ва кучайтиришга ёрдам беради.

ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизимининг мазмун-моҳияти

ISO 37001:2016 Коррупцияга қарши бошқарув тизимибу халқаро стандарт бўлиб, ташкилотга коррупцияга қарши кураш тизимини бошқаришда ёрдам беради. ISO 37001 коррупцияга қарши кураш тизимига эга бўлмаган, лекин тартибга солувчи ва тартибга солинмайдиган талабларни аниқлашга кўп вақт сарфламасдан мувофиқлик дастурини амалга ошира оладиган ташкилотлар учун самарали қўлланма ҳисобланади.

Ушбу стандарт 2016 йилда Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO) (ISO Лойиҳа қўмитаси ISO/PC 278) томонидан эълон қилинган бошқарув тизимининг стандартидир. Стандарт коррупцияга қарши бошқарув тизимини (ABMS) ташкил этиш, жорий этиш, бошқариш, қўллаб-қувватлаш ва доимий равишда такомиллаштиришга қаратилган талабларни белгилайди. Шунингдек, ташкилот ушбу стандарт талабларига риоя қилиш учун қандай ҳаракатлар ва ёндашувларни амалга ошириш тўғрисида кўрсатма беради.

Стандарт Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро савдо палатасининг кўрсатмаларига асосланган. Ушбу стандартда АҚШ Адлия Департаменти, АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар бўйича комиссияси ва Буюк Британия Адлия вазирлиги каби ташкилотлар томонидан берилган кўрсатмалар ҳам мавжуд.

ISO 37001 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупцияни олдини олиш ва аниқлаш бўйича бир қатор тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу чоралар коррупцияга қарши сиёсатни ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши фаолият учун масъул шахсни тайинлаш, ўқитиш, лойиҳалар ва бизнес шерикларини ҳуқуқий баҳолаш ва хавфларни баҳолаш, молиявий ва тижорат назорати, ҳисобот ва текширув тартибларидан иборат.

ISO 37001 ҳар қандай ҳажмдаги, ҳар қандай соҳада ишлайдиган ташкилотлар учун мос келади.

Стандарт ташкилот фаолияти билан боғлиқ қуйидаги ҳодисаларга нисбатан амал қилади:

- давлат, хусусий ва нотижорат соҳаларда пора олиш;

- ташкилотлар томонидан пора олиш;

- ташкилот номидан ёки унинг фойдасига ишлайдиган ходимлар томонидан пора олиш;

- ташкилот номидан ёки унинг фойдасига иш олиб борадиган ташкилотнинг шериклари томонидан пора олиш;

- ташкилотнинг порахўрлиги;

- ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ ташкилот ходимларининг порахўрлиги;

- ташкилотнинг фаолияти билан боғлиқ бўлган ташкилот шерикларининг порахўрлиги;

- тўғридан-тўғри ёки кимдир орқали пора олиш (масалан, учинчи томон орқали тақдим этилган ёки қабул қилинган пора).

Ташкилотларга қўйиладиган талаблар

Сертификат олиш учун ташкилот маълум стандартларга жавоб беришини исботлаши лозим. Ушбу стандартларга қуйидагилар киради:

-  Коррупцияга қарши ички назоратни амалга ошириш;

-  Топ-менежментнинг коррупцияга қарши бошқарув тизимини жорий қилиш ва таъминлашдаги ролини ошириш;

-  Ташкилотдаги ҳар бир киши тизимни тушунишини ва коррупциянинг олдини олиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга тайёрлигини таъминлаш чоралари мавжудлиги;

-  Қарама-қарши томонларнинг хатарларини муносиб баҳолаш;

-  Коррупция билан боғлиқ қоидабузарликларга нисбатан тегишли чораларнинг мавжудлиги;

-  Коррупция билан боғлиқ муаммоларни олиб чиқишнинг самарали механизмлари мавжудлиги.

ISO 37001: 2016ни қабул қилган ташкилотлар ва ҳукуматлар

ISO 37001 стандарти Малайзияда Бош вазир Тун Др Маҳатҳир Моҳамад бошчилигидаги ҳукумат томонидан жорий қилинган. Янги тизим ҳам давлат секторида, ҳам хусусий секторда ижобий натижа берган. Бу ҳақда Малайзиянинг коррупцияга қарши кураш бўйича собиқ раҳбари “Халқнинг, ҳукуматнинг коррупцияга қарши жиддий чоралар кўриши 2016 йилдаги
59,8 фоиздан 70,8 фоизгача кўтарилди” деган эди. Шунингдек, у Малайзия бир қатор муҳим халқаро тадқиқотлар ва индекслар бўйича ўз кўрсаткичларининг яхшиланишини кўрсатганини таъкидлаган (New Straits Times, 2019).

Биргина Малайзия эмас. Перу, Сингапур ва Хитойда (Шензҳен Стандартлар ва Технологиялар Институти) миллий стандарт органлари ISO 37001 стандартини қабул қилган. Италияда ISO 37001нинг аккредитация схемаси Accredia томонидан ривожлантирилган; Буюк Британияда эса Бирлашган Қиролликнинг Аккредитация Хизмати (Accreditation Service) аккредитация схемасини ишлаб чиқиш учун ISO 37001 бошланғич дастурини амалга оширди. БААда Халқаро Аккредитация Маркази (Accreditation Centre) ISO 37001 аккредитация схемасини ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Шунингдек, Microsoft ва Walmart ISO 37001 сертификатига эга бўлиш ниятида эканлигини эълон қилган.

ISO 37001нинг афзалликлари

ISO 37001 стандартининг уни татбиқ этадиган ташкилотлар учун кўпгина афзалликлари мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:

Хатарлар хавфини камайтириш: ушбу стандарт бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш хатарлар хавфини камайтиради.

Маълумот учун: ISO 37001 коррупцияга қарши бошқарув тизимини яратиш ёки такомиллаштириш учун маълумот вазифасини ўтайди.

Ошкоралик: ушбу стандарт ошкораликни қўллаб-қувватлаш ва манфаатдор томонларнинг коррупцияга нисбатан позицияси тўғрисида хабардор бўлиш учун восита бўлиб хизмат қилади. Манфаатдор томонлар таркибига директорлар кенгаши, ходимлар, бизнес шериклар ва инвесторлар киради.

Манфаатдор томонларнинг ишончи: ISO 37001 манфаатдор томонларга ташкилот коррупциянинг олдини олиш учун тегишли чораларни кўраётганига ишонтиради.

Ҳимоя: ISO 37001 ташкилотни, унинг активларини, акциядорлари ва директорларини коррупция ва коррупциянинг салбий таъсиридан ҳимоя қилади.

Мувофиқликни намойиш этиш: стандартни амалга ошириш ташкилотларга амалдаги қонунларга мувофиқликни намойиш этиш усулини таклиф қилади.

Осонлик билан бирлаштирилганлиги: ISO 37001 ISO 9001, ISO 14001 ва ISO 45001 билан бир хил тузилишга эга ва шунинг учун уни бошқаришнинг мавжуд тизимларига осонлик билан киритиш мумкин.

Суғурта: низолар юзага келган тақдирда, сертификатлаштириш тегишли текширувнинг далили сифатида фойдаланилиши мумкин.

Қиёслаш мезони сифатида хизмат қилиши: ISO 37001 стандарти ташкилотларнинг бошқа ташкилотлар томонидан қўлланиладиган энг яхши глобал амалиётга нисбатан позициясини баҳолаш учун фойдаланилади.

Хулоса қилиб айтганда, ISO 37001 Коррупцияга қарши бошқарув тизими коррупцияга қарши сиёсат ва уни қўллаб-қувватлайдиган бошқарув тизими бўлиб, ташкилотга коррупцияни амалга оширишда харажатлар, хатарлар
ва зарарларнинг олдини олиш ёки минималлаштириш, ишбилармонлик муносабатларига бўлган ишончни ривожлантириш ҳамда ташкилотнинг обрўсини оширишга ёрдам беради.

ISO 37001 ташкилотда коррупциянинг рўй бермаслигига аниқ кафолат бўлмаса ҳам, бу ташкилот ҳар қандай ташкилот учун қимматли сармояга айланиб, коррупцияни аниқлаш ва олдини олиш бўйича тегишли чораларни амалга оширганининг яққол намойишидир.

А.Сафарова

Адлия вазирлиги ҳузуридаги

Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими