Адлия вазирлиги: ЕРЛАРНИ НОҚОНУНИЙ ЭГАЛЛАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК КЕСКИН КУЧАЙТИРИЛМОҚДА
Ер – стратегик жиҳатдан энг муҳим табиий ресурсдир. Шунинг учун ерлардан мақсадли ва самарали фойдаланишда қонунийликни таъминлаш давлатнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.
Қонунчиликда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик, улардан хўжасизларча фойдаланганлик ва ер ҳисобини юритишдаги ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланган.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг
60 ва 601-моддаларида ерни ўзбошимчалик билан эгаллаганлик ва унга йўл қўйганлик учун фуқароларга 2,4 млн. сўмдан – 3,7 млн. сўмгача, мансабдор шахсларга эса 4,9 млн. сўмдан – 7,3 млн. сўмгача жарима ёки15 суткагача маъмурий қамоққа олиниши, 99-моддасида эса ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерларда қурилишни амалга оширилганлик учун фуқароларга 17,1 млн. сўмдан – 24,5 млн. сўмгача, мансабдор шахсларга эса 24,5 млн. сўмдан – 36,7 млн. сўмгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ қўлланилиши белгиланган.
Худди шундай, Кодекснинг 65, 68,681,69 ва 160-моддаларида ҳам ердан фойдаланиш ва ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ муносабатларда йўл қўйилган ҳуқуқбузурликлар учун фуқароларга 245 минг сўмдан – 735 минг сўмгача,мансабдор шахсларга 735 минг сўмдан– 1,2 млн. сўмгача жарима белгиланган.
Шунингдек, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг такроран суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганлик учун Жиноят кодексида 24,5 млн. – 36,7 млн. сўм жарима ва бошқа жазо назарда тутилган. Шу каби, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг такроран ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун 12,2 млн. – 24,5 млн. сўм жарима ва бошқа жазо назарда тутилган.
Юқоридаги қонун нормаларида ҳуқуқбузарлик учун қўлланиладиган жариманинг минимал ва максимал миқдорлари белгиланганлиги ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўпчилик ҳолатларда битта турдаги ҳуқуқбузарлик учун айбдорларга нисбатан турлича чора кўрилишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, ер муносабатларида ҳуқуқбузарлик сонининг ошиб бораётгани соҳадаги белгиланган минимал жарималарнинг таъсирчанлиги камлигидан далолат бермоқда.
Хусусан, ўтган икки йил давомида 50 мингдан ортиқ ҳолатларда
6.000 гектарга яқин суғориладиган ва 10.400 гектар бошқа ерлар ўзбошимчалик билан эгалланиб, ноқонуний қурилишлар қилинганлини аниқланган. Ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ қилмишлари учун 492 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Амалдаги маъмурий жарима миқдорлари ерларни ўзбошимчалик билан эгалланишини олдини олиш бўйича етарлича тўсиқ бўла олмаётганлиги боис, жавобгарлик чораларини ошириш зарурати туғилмоқда. Ушбу масала юзасидан тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Лойиҳага кўра ер соҳасидаги ҳуқуқбузарлик учун амалда белгиланган жарималарнинг минимал миқдори чиқарилиб, фақат амалдаги максимал миқдори қатъий суммада қолдирилмоқда.
Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда
Ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун фуқароларга 3,67 млн сўм, мансабдор шахсларга 7,3 млн сўм, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўйганлик учун маъмурий қамоқ жазоси бекор қилиниб, жарима миқдори фуқаролар учун 4,9 млн. сўм (амалда 3,7 млн. сўм), мансабдор шахслар учун 12,2 млн. сўм (амалда 7,3 млн. сўм) белгилаш кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, tр участкаси ва турар жойга бўлган ҳуқуқни
ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик учун фуқароларга нисбатан 490 минг сўмгача бўлган жарима 1,2 млн. сўмгача кўтарилмоқда, шунингдек жарима қўллаш ваколати суд, прокуратура ва солиқ органларидан кадастр органларига ўтказилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, ноқонуний эгалланган ерларда қурилган биноларни электр, газ, иссиқлик, водопровод ва канализация каби ҳаётий муҳим коммуникация тармоқларига улаб берганлик учун жавобгарликнинг белгиланмаганлиги ерларни ўзбошимча эгаллашга имконият яратмоқда.
Шу сабабли, энди ўзбошимчалик билан эгалланган ерда қурилган иморатларни электр, газ, иссиқлик, водопровод ва канализация тармоғига улаб берганлар учун ҳам маъмурий жавобгарлик белгиланиб, уларга нисбатан 7,3 мл. сўмдан (фуқароларга) 17,1 млн. сўмгача (мансабдор шахсларга) жарима жорий қилинмоқда.
Жиноят кодексида ҳам ер муносабатлари билан боғлиқ жазолар кучайтирилиш белгиланмоқда. Хусусан, такроран ерни ўзбошимчалик билан эгалаганда айбдорга белгиланган жиноий жарима 24,5 млн. сўмдан 98 млн. сўмгача оширилмоқда, шунингдек, суғориладиган ерларни қурилиш қилган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олганлик учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарлик (122,5 млн сўмгача жарима, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси) жорий этилмоқда.
Шу билан бир қаторда, Жиноят кодексига янги 2296-модда киритилиб, унда суғориладиган ер участкаси ёки унинг қисмига бўлган ҳуқуқни сотганлик ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга берганлик учун 122,5 млн сўмгача жарима, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жиноий жазоси белгиланмоқда. Ушбу жиноий қилмиш кўп ёки жуда кўп миқдорда, бир гуруҳ шахслар, жиноий гуруҳлар, такроран ёки рецидивист томонидан ёхуд хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилганлигига қараб янада оғирроқ (энг кўпи 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) жазоланиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳадаги яна муҳим бир ўзгаритиш “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунга киритилмоқда, унга кўра фуқаролар, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар Халқ депутатлари Кенгаши қабул қилган ҳужжатлар устидан судга шикоят қилишлари мумкин бўлади.
Ер муносабатларида ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтиришдан мақсад – ерларни ноқонуний эгаллаш, улардан хўжасизларча фойдаланиш каби салбий ҳолатларни олдини олиш орқали соҳада қонунийликни таъминлаш ҳисобланади.
Қонун лойиҳаси билан қуйидаги манзилда танишиш мумкин:
https://regulation.gov.uz/uz/d/45194.