“E-qaror” билан ҳокимларнинг ҳар бир қарори жамоатчилик назоратида
Бугун ҳар бир соҳанинг демократик принциплар асосида ривожланиши учун энг муҳим санлаган жиҳатлардан иккитаси – шаффофлик ва очиқликдир. Бу икки жиҳат, икки мезонга таяниб иш кўраётган соҳалар одамлар ишончини тезроқ қозонмоқда, ўз атрофида турли шубҳа-гумонлар яралишининг олдини оляпти, гап-сўзлар болалашини чеклаяпти. Давр тақозоси ҳам шу. Одамларда бошқаларга “ёпилиб олган” жойларда ҳуқуқбузилишлар етарлича, деган тасаввур бор.
Масалан, кўпчилик томонидан айрим ҳокимлар фаолиятига ишончсиз қаралади. Нега? Чунки шаффофлик етарли даражада йўлга қўйилмаган, суст. Ҳокимлар қарор қабул қилиш жараёнларининг мураккаблиги, шаффофлиги таъминланмаганлиги ҳамда ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги жойларда юзага келаётган муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал қилишга тўсқинлик қилмоқда.
Ушбу муаммоларни бартараф этиш мақсадида жорий йил 14 апрель куни қабул қилинган Ҳукумат қарори (218-сон) билан ҳокимлар қарорларини қабул қилиш жараёнини бутунлай электрон шаклда амалга оширилиши назарда тутувчи “E-qaror” электрон тизимини ишга тушириш белгиланди.
Тизим нималар беради?
Биринчидан, қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланади. Олий суднинг статистик маълумотларига кўра, 2019 йилда маъмурий судлар томонидан маҳаллий ҳокимликларнинг қарорларини ҳақиқий эмас деб топишга доир жами 2 992 та иш кўрилган. Уларнинг 1 255 таси ёки 42 фоизи қаноатлантирилган. 2020 йилнинг январь-февраль ойларида эса 552 та иш кўрилган ва уларнинг 248 таси ёки 45 фоизи қаноатлантирилган.
Рақамлардан айтиб турибдики, ҳокимлар қарорларининг қонунийлиги етарли даражада таъминланмаяпти. Бунга қарор қабул қилишнинг айрим тартибларига риоя қилмаслик ҳам сабаб бўлмоқда.
Хусусан, ҳокимларнинг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари мажбурий тартибда адлия органлари томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиши белгиланган бўлсада, ушбу тартибга риоя қилинмасдан қарорлар қабул қилиш ҳолатлари мавжуд.
“E-qaror” электрон тизими ишга тушириш орқали ҳар бир қабул қилинаётган қарорнинг қонунийлигини қатъий назоратга олиш имкони яратилади. Қарор қабул қилиш билан барча жараёнлар тизим орқали амалга оширилади.
Иккинчидан, ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилади.
Ҳокимларнинг 2019 йил давомидаги биргина ер майдонларини ажратиш билан боғлиқ қарорлари ўрганилганда, уларнинг амалдаги қонун ҳужжатларига риоя қилинмаган ҳолда қабул қилинганлик ҳолатлари кўп эканлиги аниқланган.
Жумладан, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун республика бўйича жами 527 ҳолатда аукцион ўтказилмасдан тадбиркорларга ер ажратиб бериш тўғрисида қарорлар қабул қилинган. Шунингдек, аукцион ташкил қилинмасдан якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар республика бўйича жами 507 ҳолатда қабул қилинган.
Қарорлар қабул қилиш жараёнида шаффофликнинг мавжуд эмаслиги ушбу қонунбузилиш ҳолатларининг асосий илдизи ҳисобланади. Ҳокимлар ўз билганича қарор чиқариб ерни бир парча қоғоз билан сотади, у қарор ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан текширишлар ўтказилганида аниқланиши мумкин ёки шу ҳолича қолиб кетади.
“E-qaror” электрон тизими орқали эса ҳар бир қарор бевосита жамоатчилик назоратида бўлади. Қабул қилинган қарорлар тизимда доимий равишда эълон қилиб борилади ва шу орқали қарорларнинг қанчалик асосли эканлигини ҳар бир фуқаро кузатиб бориш имконига эга бўлади.
Учинчидан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилади.
Ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг электрон тизим орқали амалга оширилиши, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Яъни қарорларни келишиш, уларни рўйхатга олиш, рақамлаш барчаси электрон амалга оширилади.
Шунингдек, қоғоз сарфининг кескин камайишига эришилади. Бир йилда республика бўйича тахминан 600-700 мингга яқин турли мазмундаги ҳоким қарорлари қабул қилинади. Бу йилига камида миллионта қоғоз сарф қилинади деганидир, “E-qaror” электрон тизимининг ишга туширилиши эса ушбу қоғоз сарфининг олдини олади.
Бундан ташқари, бугунги пандемия шароитида ходимлар ишини масофадан туриб ташкил қилиш долзарб масалага айланган, “E-qaror” электрон тизими орқали ушбу муаммо ҳам бир қатор ўз ечимини топади.
“E-qaror” электрон тизими 2021 йил январь ойига қадар ишлаб чиқилади ҳамда январь-май ойларида дастлаб Қашқадарё вилоятида эксперимент тариқасида синовдан ўтказилади.
Эксперимент доирасида аниқланган камчилик ва муаммолар бартараф этилиб, тизимнинг 2021 йил 1 июлдан республикадаги барча ҳокимликлар фаолиятига жорий этилиши назарда тутилган.
Дилмурод Ражабоев,
Адлия вазирлиги масъул ходими