February 22, 2020

Аҳоли муаммолари билан ишлашнинг замонавий механизмлари жорий қилинади

Халқимизнинг бой маънавий мероси саналган маҳалла институти ўзининг минг йиллик тараққиёти даврида халқимизнинг эзгу қадриятлари, турмуш тарзи ва маданиятини ўзида акс эттирувчи институт сифатида шаклланган.

Бугунги кунда маҳалла барчамиз учун учун қадрли ва мўътабар маскан сифатида аҳолининг энг яқин маслаҳатчиси, оилалар жипслилигини таъминлаш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш ва энг асосийси халқимизнинг эртанги кунга қатъий ишончини уйғотишда муҳим аҳамиятга эга.

Шу боис ҳам, сўнгги йилларда жамиятимизнинг муҳим бўғини ҳисобланган маҳалла институтининг ўрни ва аҳамиятини оширишга давлат томонидан доимий эътибор қаратиб келинмоқда.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5938-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил қилинди.

Сўнги кунларда турли экспертлар ва мутахассислар томонидан матбуот саҳифаларида ҳамда Интернет тармоқларида “маҳалла вазирликка айланяпти”, “маҳалла ишларига давлат аралашмоқда” ва “маҳалла давлат тасарруфига тўлиқ ўтказилди” деган нотўғри фикрлар билдирилмоқда.

Мазкур билдирилаётган фикрлар асоссиз бўлиб, фикримизча, ушбу қараш ва ёндашувлар мазкур вазирликни ташкил қилишдан кўзланган мақсад ва вазирлик зиммасига юклатилган асосий вазифаларни тўлиқ тушунмаслик ёки мазмун-моҳиятини тўлиқ англамаслик натижасида юзага келган бир тарафлама ёндашувлардир.

Тадқиқотчи олим сифатидаги қуйидагиларни қайд этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман:

Биринчи, юқорида кўрсатиб ўтилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ўртасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий шартлари ва чегараси аниқ белгилаб қўйилган.

Унда вазирликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида маҳаллани бошқариш ёки уни ишига ҳоҳлаган вақтида аралашиш эмас, балки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланганлигини қайд этиш зарур. Ушбу ҳолатда маҳаллани бошқариш ҳақида эмас, балки қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик тузилмалари фаолиятига амалий ёрдам бериш бўйича тизимни жорий қилиш яратиш назарда тутилмоқда.

Иккинчи, Фармонинг биринчи бандидаёқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди, шунингдек, давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратади, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашади, деган қатъий қоидани ўрнатилганлиги айрим экспертлар томонидан илгари сурилган ёндашувни нотўғри эканлигини тасдиқлайди.

Учинчи, эндиликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига асосий фаолият йўналишларидан ташқари функцияларни фақатгина давлат органлари ва ташкилотлар билан ҳақ тўлашни назарда тутувчи шартнома асосида амалга оширилади. Ушбу тизим аввало маҳаллаларга қўшимча маблағларни жалб қилиш орқали ходимларни моддий жиҳат қўллаб-қувватлаш имкониятини яратади.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари зиммасига юклатилган, бошқа давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатларини такрорловчи, ортиқча ва хос бўлмаган вазифа ва функциялар бекор қилинаётганлигини ўзи уларни мустақиллигини таъминлашнинг бош омили десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Кўриниб турибдики, янги вазирликни ташкил қилиниши маҳалла институтини тугатишга қаратилмаган, балки маҳаллалар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ташкилий-услубий кўмак беришга йўнатилтирилган. Бундан ташқари, маҳалла ўзини ўзи бошқариш ва мустақиллик функцияларини тўлиқ сақлаб қолган ҳолда фуқаролар йиғини раисига қўшимча ҳуқуқлар берилиб уларнинг фаолияти давлат томонидан кафолатланмоқда.

Тадқиқотчи сифатида шуни қайд этиш лозимки, дунёнинг аксарият ривожланган давлатларида оила, ўзини ўзи бошқариш соҳасида махсус ташкил қилинган вазирликлар жамиятнинг қуйи бўғини ва давлат ўртасидаги кўприк вазифасини бажаради.

Жумладан Буюк Британия, Жанубий Корея, Япония, Сингапур, Туркия, Хорватия, Ҳиндистон тажрибаси таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу давлатларда бир неча асрлардан буён оила, ёшлар ва ўзини ўзи бошқариш масалалари бўйича махсус вазирлик ва идоралар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, Япониянинг қуйидаги тажрибаси эътиборга лойиқ. Ушбу давлатда ўзини ўзи бошқариш органлари ўз ваколатларини амалга ошириш жараёнида давлат органлари билан биргаликда ҳамкорлик қилганликлари сабабли, 1960 йилда “Ўзини ўзи бошқариш ишлари бўйича вазирлиги” ташкил этилган (дзидзисё). Ушбу вазирликка ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятига кўмаклашиш, соҳада ягона давлат сиёсатини белгилаш, айнан қайси ваколатларни уларга ўтказиш масалаларини кўриб чиқиш билан шуғулланади.

Бу эса, ўз навбатида Японияда ўзини ўзи бошқариш соҳасидаги ташкилий масалаларни ҳал қилишда давлат органлари кўмакчи эканлигини англатади. Шу боис, давлат томонидан ўзини ўзи бошқариш органларига кўрсатилган кўмак натижасида ушбу соҳада ислоҳотлар ўз натижасини кўрсатган.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигини ташкил қилиниши маҳаллани мустақиллиги ва фаолиятини кўрсатишига ҳуқуқий жиҳатдан хавф туғдирмайди.

Тадқиқотчи олим сифатида уни ташкил қилиниши фуқаролар йиғинларининг мустақиллиги тўлиқ таъминлашга ва фаолиятининг тизимли асосда ташкил қилишга, шунингдек фуқаролар йиғини раисларининг обрўси ва жамиядаги ўрнини оширишга хизмат қилиб, маҳалла институтини ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб беради, деб ҳисоблайман.

Тошкент давлат юридик

университети кафедра мудири, PhD

Б.Мусаев