March 14, 2020

2019/2020 ўқув йилидан болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади

2020 йилнинг 13 март куни Адлия вазирлигида қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ва матбуот анжумани ташкил этилди. Дастлаб соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш бўйича матбуот анжумани ўтказилди.

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул 1 йиллик тайёрлаш тизими тўлиқ жорий этилади.

Мактабгача таълим вазирлигининг бу борадаги асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, вазирлик мактабгача таълим билан қамраб олинмаган болалар учун тайёрлов гуруҳларини шакллантиради.

✅ Тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили:

👉 2019/2020 ўқув йилида 2020 йил 10 мартдан бошланади ва 20 августда тугайди;

👉 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ҳар йили 2 сентябрдан бошланади ва кейинги йилнинг 25 майида тугайди.

Боғчалар томонидан ҳамда улардан ташқари ташкил этиладиган тайёрлов гуруҳлари тарбияланувчилари бошланғич таълимга тайёргарликдан ўтган деб ҳисобланади ва мажбурий бепул 1 йиллик тайёрловдан озод этилади.

Бунда, ушбу муассасаларда тайёргарликдан ўтган болаларга бошланғич таълимга мажбурий 1 йиллик тайёрловдан ўтганлик тўғрисида давлат намунасидаги сертификат берилади.

Қарор билан 2020–2025 йилларда болаларни мажбурий мактабгача таълим билан қамраб олишнинг мақсадли кўрсаткичлари тасдиқланди. Унга кўра, 2024/2025 ўқув йилига келиб 6 ёшдаги болалар мактабгача таълим билан 100 фоиз қамраб олинади.

Қарор билан, шунингдек, Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлов гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Унга кўра, тайёрлов гуруҳлари боғчаларда (боғча мавжуд бўлмаган ёки етарли шароит бўлмаганда бошқа мос биноларда) ташкил этилади.

Гуруҳларда болаларнинг бўлиш вақти 3-4 соатни ташкил этади ва таълим-тарбия жараёни бир ёки икки сменада ташкил этилади, битта гуруҳдаги болалар сони 30 нафардан ошмаслиги керак.

Бундан ташқари, қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш ва бунда янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан “Қонунчиликдаги янгиликлар” номли брифинг ташкил этилди. Унда якунига етаётган ҳафта давомида бир қатор муҳим масалалар бўйича қабул қилинган 10 га яқин қонун ҳужжатлари ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Президентининг 2020 йил 2 мартдаги “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида” ПФ-5953-сон Фармонига мувофиқ, Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишлари бўйича амалга ошириладиган вазифалар, жорий этиладиган тартиб ва амалиётлар белгиланди.

Жумладан, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятида “Электрон парламент” тизими жорий этилади.

2020 йил 1 августдан бошлаб Сенатда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги элчилари ҳисоботини эшитиш, шунингдек, Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

2020 йил 1 июлга қадар “Mening fikrim” веб-порталининг мобиль иловаси ишга туширилади.

2020 йил 1 апрелдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулкни олишда Ўзбекистон фуқаролари учун ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш талаб қилинмайди.

2020 йил охирига қадар 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш тизими жорий этилади, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 60 фоизга етказилади.

Брифингда Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш муассасаларининг фаолияти самарадорлигини таъминлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мактабгача таълим тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбирда иштирок этган ОАВ вакиллари соҳа мутахассисларига ушбу қонун ҳужжатлари юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этишди.

 Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими