May 6, 2020

Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” ҳаракати томонидан навбатдаги гуманитар ёрдам сирдарёликларга етказилди

Техноген офатдан жабр кўрганларга кўмаклашиш мақсадида Адлия вазирлиги ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ташкил этилган “Салом, Сардоба, биз биргамиз!” хайрия акцияси доирасида навбатдаги инсонпарварлик юклари шакллантирилди.

Мазкур юкларни қабул қилишда санитария-гигиена қоидаларига риоя этган ҳолда дезинфекция қилиш ишлари ташкил этилди.

Шунингдек, маҳаллий хокимият вакиллари ва жамоатчилик иштирокида бевосита жабр кўрганларнинг эҳтиёжлари ўрганилди.

Сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзишга шошилган саховатли аҳолимиз жорий йилнинг 3-5 май кунлари давомида ҳаётий зарур эҳтиёжлар учун мўлжалланган буюмларни ва озиқ-овқат маҳсулотларини топширишди.

Жумладан, Альбина Каримова, Отабек Шералиев, Исломазиз Бегматов, Алексей Цой ва шу каби 100 дан ортиқ фуқароларимиз болалар ва катталар учун янги кийимлар, сочиқлар, идиш-товоқлар, гигиена воситалари ва ҳатто болалар ўйинчоқлари олиб келишди.

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ва ҳомийлик тадбирларида мунтазам қатнашиб келаётган Умида Хусаинова ҳам акцияга қўшилган
ҳолда 50 млн. сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотларни етказди.

Исми сир қолишини илтимос қилган тадбиркор болалар учун 1 000 та футболка тақдим этди.

Бу жараёндан нафақат фуқаролар, балки ташкилотлар ҳам четда қолишмади. Масалан, “BEVERLee Business” МЧЖ томонидан 1 750 дан ортиқ шахсга мўлжалланган зарурий буюмлар олиб келинди.

Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти эса жами 5 400 тадан иборат бўлган матрацлар, ёстиқлар, кўрпа-тўшаклар, ёпинғичлар, резина этиклар ва гигиена воситаларини топширди.

Ўзбекистон-Туркия ишбилармонлари уюшмаси (UTID) ва Шодиев халқаро фонди томонидан 1 500 та ижтимоий ёрдам тўплами, 260 та пакетда трикотаж маҳсулотлари, 50 та сумкада ўқувчиар учун канцтоварлар топширилди.

10 дан зиёд машиналарга ортилган юклар санитария кўригидан ўтган ҳолда ички ишлар органлар кузатуви остида Сирдарё вилоятига етказилди.

Гуманитар ёрдам икки гуруҳга бўлинган ҳолда Гулистон шаҳри ва Оқолтин туманида ўз эгаларига тарқатиди.

Биринчи гуруҳ юклари Гулистон шаҳридаги Юридик коллеж биносига (400 нафар фуқаро) ҳамда Гулистон ихтисослаштирилган санъат мактаби биносига (300 нафар фуқаро) жойлаштирилган сирдарёликларга берилди.

Иккинчи гуруҳ Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманига ташриф буюриб 150 нафардан ортиқ фуқароларга озиқ-овқат, кийим-кечак ва гигена воситаларини топширишди.

Техноген офатдан жабрланган фуқароларимиз ушбу кўрсатилган ёрдам учун, оғир кунларда уларга елкадош бўлган барчага ўзларининг миннатдорчиликларини изҳор этишди.

Қайд этиш лозимки, акция доирасида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан махсус ҳисоб рақами (20212000100981895003) очилган бўлиб, бугунги кунга қадар ташкилотлардан 67 млн. сўм ўтказилди.

Payme ва Click тўлов тизимлари орқали фуқаролардан 36 млн. сўм келиб тушди.

Ушбу маблағлар фалокатдан жабр кўрган сардобаликларга ўзлари билан бевосита маслаҳатлашган ҳолда, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш учун керак бўлган эҳтиёжларига йўналтирилади.

Бугун хайрия акциясига ўзининг беминнат ҳиссасини қўшишга
ошиққан юртдошларимиз, тадбиркорларимиз ўзига хос бағрикенглик, ҳамжиҳатлилик каби фазилатларни яна бир бор намоён этмоқда.

Акция ташкилотчилари унда иштирок этган сахий ва саховатли халқимизга ва фаол кўнгиллиларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Адлия вазирлиги