Коронавирус пандемияси таъсири: жисмоний шахсларнинг банкротлиги заруратга айланиши мумкин
Сўнгги йилларда аҳолини кредитлаш ҳажми сезиларли даражада ортган. “Кредит” тушунчаси деярли ҳар бир оила “иқтисоди”га кириб борган. Пандемия даврида эса фуқароларда ушбу кредитларни тўлаш билан боғлиқ қийин вазият юзага келиши мумкин.
Албатта, карантин чекловлари даврида тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг тўхтатилиши фуқароларнинг ишсиз, даромадсиз қолишига олиб келди. Хусусан, мамлактимизда умумий овқатланиш тармоғида 13 минг, савдода 45 минг, хизмат кўрсатишда 19 минг, транспортда 7 минг корхона фаолиятини тўхтатгани оқибатида аҳоли даромадлари сезиларли камайган.
Қийин иқтисодий вазият фуқароларнинг тўловга қодир бўлмай қолишига ва кредитлар бўйича ўз мажбуриятларини бажара олмаслигига сабаб бўлади.
Шу сабабли, ҳозирда банклар томонидан кредит таътиллари берилмоқда ёки фуқароларнинг тўловга лаёқатлилигини ошириш мақсадида турли миқдор ва шартларда микроқарзлар, займлар ҳам таклиф этилмоқда. Бироқ, бундай шакллардаги чоралар ҳам пандемиянинг узоқ вақт давом этиши натижасида самарасиз бўлиши, фуқароларнинг қарзлари янада ортиб кетиши мумкин.
Масалан, Россия Федерациясида олинган кредитларнинг 90% дан ортиғи аввалгиларини тўлаш учун ишлатилади.
Бунинг натижасида истеъмол кредитлари талабни рағбатлантирмайди ва мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватламайди. Бу ўз навбатида, муддати ўтган кредитлар ва умидсиз қарзлар улушининг кескин ошишини англатади.
Жисмоний шахслар банкротлиги таомили зарур
Юқоридагиларнинг барчаси ижтимоий бозор иқтисодиётининг шаклланиши ва ривожланишига ёрдам берадиган иқтисодий муносабатларнинг янги қоидалари ва стандартларини жорий этиш заруриятини тақозо этади.
Шу муносабат билан, жисмоний шахсларнинг банкротлиги инстиутини жорий қилиш муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу тизим бозор иқтисодиётида иқтисодий муносабат иштирокчиларининг ўз мажбуриятларини бажармаганликлари ва тўловга қодир эмасликларининг салбий оқибатларидан ҳимоя қилиш механизми вазифасини бажариши мумкин.
Жисмоний шахслар учун банкротлик таомилининг моҳияти
Жисмоний шахсларнинг, яъни фуқароларнинг банкротлиги суд ёки ваколатли орган томонидан фуқаронинг молиявий мажбуриятларни бажариш ва кредиторлар билан ҳисоб-китобларни амалга оширишга қодир эмаслигини тан олишни англатади.
Барча мамлакатларда банкротлик тўғрисидаги қонунчилик қарздорнинг банкротлик тўғрисида ариза топшириш имкониятини беради. Жисмоний шахсларнинг банкрот деб топиш соддалаштирилган тартибда амалга оширилиб, юридик шахсларнинг банкротлиги таомилидан фарқ қилади. Фуқароларга нисбатан банкротлик таомилларини қўллаш натижасида эса банкрот деб топилган фуқаро қондирилмаган кредиторларнинг талабларини бажаришдан озод этилади.
Шунингдек, фуқароларни банкротлик деб топиш уларни мулк ва фуқаролик ҳуқуқларининг чекланишига олиб келади. Шунга қарамай, ушбу институтни инсонпарвар деб ҳисоблаш мумкин. Сабаби кўплаб давлатларда банкротлик бўйича ундирув қарздорнинг шахсий буюмлар, банкрот оиланинг ҳаётини таъминлаш учун зарур бўлган мол-мулкларга қаратилмайди (Хорижий тажрибага қаранг).
Жисмоний шахсларнинг банкротлиги нафақат иқтисодий, муносабатларда, балки давлатларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётида ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, қарздорларга нисбатан маънавий босим ўтказиш кредиторлар ва жамият ўртасидаги муносабатларга салбий таъсир қилади. Экспертларнинг ҳисоботларига кўра, Мексика ва АҚШда деҳқонларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар фуқаролар банкротлиги институтининг ривожланишига сабаб бўлган.
Жаҳон банки ҳисоботида истеъмолчилар банкротлигининг асосий мақсади узоқ муддатли ҳалол қарздорнинг иқтисодий тикланишига эришишдан иборат деб баҳоланган.
Амалдаги қонунларимиз нима дейди?
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 474-II-сонли “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни 1-моддасида ушбу Қонуннинг мақсади юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат эканлиги белгиланган. Шунга кўра, X боб якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тартибини белгилайди.
Бироқ амалдаги қонунчиликда банкротлик субъектлари сифатида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркор назарда тутилган бўлиб, иқтисодий муносабатларнинг бошқа субъекти бўлган жисмоний шахсларнинг, яъни фуқароларнинг банкротлиги масаласи мавжуд эмас. Бу фуқаролар кутилмаганда юзага келадиган салбий ҳолатлардан, жумладан, ишдан маҳрум бўлиш ёки иш ҳақининг пасайиши, жароҳатланиш, жиддий касаллик, инфляция, девалвация, ҳаддан ташқари баланд банк фоизлари ва оилавий бюджетга жиддий таъсир кўрсатадиган бошқа ҳолатлардан ҳуқуқий ҳимоя қилинмаганлигини англатади.
Баъзи ҳолларда банклар қарз олувчиларга маълум қисман имтиёзлар беришади. Масалан, қарз олувчининг оиласида вафот этган ва тўловга қодир бўлмаган ота-оналар ва ёш болалар бўлса, жариманинг бутун ёки бир қисми, кечиктирилган тўлов ва асосий қарзнинг бир қисмини чиқариб ташлаш кабилар. Аммо, банклар томонидан амалга оширилган қарзни қайта тузиш қисқа вақтда кредитларга хизмат кўрсатиш шартларини яхшилайди. Имтиёзли давр тугаганидан кейин кўпгина қарз олувчилар олдинги даромадлари йўқлиги сабабли яна қарзини тўлай олмайди ва кўрилган чоралар қарз олувчи - жисмоний шахснинг муаммоларини ҳал қилмайди.
Хориж тажрибаси
Жисмоний шахсларнинг банкротлиги институти бир қанча хорижий мамлакатлар қонунчилигида кўзда тутилган. Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, жисмоний шахслар банкротлиги тушунчаси хорижий давлатлар қонунчилигида турли хил таърифларга эга. Жумладан, жисмоний шахсларнинг тўловга қодир эмаслиги (insolvency of natural persons), акционерли бўлмаган банкротлик (non-incorporated bankruptcy), шахсий банкротлик (personal bankruptcy) ва истеъмолчиларнинг банкротлиги (consumer bankruptcy). Жисмоний шахсларнинг банкротлиги тўғрисидаги халқаро қонунчиликда иккита моделни кўриб чиқиш лозим: англо-саксон ва континентал, айрим мамлакатлар қонунларида эса иккала моделнинг хусусиятлари бирлаштирилган.
АҚШ қонунчилигида “Истеъмолчилар банкротлиги” тушунчаси фуқароларнинг тўловга лаёқатсизлигини англатади. Таъкидлаш керакки, бу америкаликлар учун одатий ҳол ҳисобланади (барча банкротлик ишларининг 85%и жисмоний шахсларнинг банкротлиги ҳолатидир). Банкротлик ҳуқуқи америкаликларнинг конституциявий ҳуқуқларидан бири бўлиб, юридик шахслар ва ҳукумат била муносабатларда уларнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилади. Мазкур қарз суммаси фуқаронинг даромадига қараб 100 мингдан 350 минг АҚШ долларгача миқдорни ташкил қилади. Банкротлик кодексига (Bankruptcy Code) мувофиқ, банкротлик ишлари бўйича судлар (Bankruptcy Court) федерал бошқарувчини тайинлаб, қарздорга нисбатан тугатиш, қайта ташкил этиш ва қайта тузиш таомилларини белгилайди. АҚШ қонунчилигида ўз активларини яширган, ёлғон кўрсатмалар ва гувоҳлик берган қарздорлар учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.
Францияда банкротлик 1984 йил 1 мартдаги 84-148-сонли Қонун билан тартибга солинади. “Жисмоний шахсларнинг банкротлиги” атамаси тўловларни тўхтатиш (cessation des paiements ) деган маънони англатади ва қарздорликни тўлаш учун бўш пул маблағлари бўлмаган қарздорнинг ҳолати тушунилади. Қарзнинг умумий миқдорига нисбатан чегара белгиланмаган. Банкротликка оид иш юритув прокуратура томонидан тўловларни қисқартириш ва соғломлаштириш босқичларида амалга оширилади. Францияда қарздорга нисбатан қатъий чекловлар ўрнатилган. Жумладан, банклар томонидан қора рўйхат тузилиб борилади ва бу собиқ қарздор саккиз йилдан сўнггина янги кредит олишга ҳаракат қилиши мумкинлигини англатади. Банкротлик ҳолати узоқ муддатли оқибатларга олиб келади, қоида тариқасида, беш ёки ундан ортиқ йил муддатга, қарз олиш, чегарани кесиб ўтиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда қарздога чекловлар қўйилади. Банкротлик таомиллари бўйича тайинланган суд бошқарувчиси томонидан ундирув қарздорнинг барча мол-мулкига қаратилади.
Канадада “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунга асосан, ўзини банкрот деб эълон қилиш учун фуқаро кредиторлар олдида камида 1000 АҚШ доллар миқдорида қарзга эга бўлиши ва ўз мажбуриятларини бажара олмаслиги керак. Банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза банкротлик бўйича хизматга (Superintendent of Bankruptcy) берилади. Мазкур хизмат томонидан истеъмолчилар банкротлиги ва истеъмолчиларни молиявий соғломлаштириш таомиллари амалга ошириш учун банкротлик бўйича бошқарувчи (Trustee) тайинланади. Мебель ва маиший техникалар, қиймати 6 500 АҚШ долларидан кўп бўлмаган транспорт воситалари, ушбу миқдоргача бўлган китоблар ва ускуналарга ундирув қаратилмайди.
Буюк Британияда жисмоний шахсларнинг банкротлиги 2000 йилда қабул қилинган “Банкротлик тўғрисида”ги Қонун (Insolvency Act 2000) билан тартибга солинади. Унга кўра, агар шахс ўзининг 750 фунт стерлинг миқдоридаги қарзларини қоплаш учун маблағга эга бўлмаса ёки қарзни муддати тугаши билан уларни тўлашга қодир бўлмаса, у тўловга лаёқатсиз деб ҳисобланади. Банкрот деб топиш Савдо ва саноат департаментиниг банкротликка оид ишлар бўйича хизмати томонидан банкротликка оид иш юритув ва келишув битимларидан иборат босқичларда амалга оширилади. Банкротлик таомилларини қўллаш юзасидан банкротлик бўйича комиссар (official receiver) тайинланади. Буюк Британияда ҳам қарздорга нисбатан жиддий чекловлар қўйилган. Хусусан, қарздор адвокатлар ассоциациясининг аъзоси, кўчмас мулк агенти, банкротлик бўйича ишончли шахс, биржа вакили ёки тижорат менежери бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, банкротлик ҳолати узоқ муддатли оқибатларга олиб келади, қоида тариқасида, беш ёки ундан ортиқ йил муддатга, қарз олиш, чегарани кесиб ўтиш ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда унга чекловлар қўйилади. Банкротликка оид ундирув ускуналар, китоблар, транспорт воситалари, шахсий фойдаланиш учун зарур бўлган нарсаларга қаратилмайди.
Германияда “Тўловга таёқатсиз деб топиш тўғрисида”ги Қонунга (Insolvenzordnung) кўра, банкрот деб топиш тўғрисида маҳаллий судларга ариза билан мурожаат қилиш учун қарздорнинг умумий қарзи 1000 еврони ташкил этиши ва ушбу қарзлар юзасидан ўз мажбуриятини бажара олмаслиги лозим. Маҳаллий судлар томонидан банкротликка оид тасарруф этиш, тугатиш, қайта ташкил этиш, келишув битими каби таомиллар қўлланилиб, банкротлик бўйича бошқарувчи тайинланади. Қарздорнинг барча мулкларига нисбатан ундирув қаратилади.
Россия Федерациясида фуқароларнинг тўловга лаёқатсизлиги (банкротлиги) институтини жорий этиш масаласи 10 йиллар давомида муҳокама қилинган. Шундан сўнг, Россия Федерациясининг 2015 йил 29 июндаги 154-ФЗ-сонли қонуни билан «Банкротлик тўғрисида»ги қонунга жисмоний шахсларнинг банкротлиги жорий этилиши билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.
Россия Федерациясининг 2002 йил 26 октябрдаги 127-ФЗ-сонли «Банкротлик тўғрисида»ги Федерал қонуннинг 213.3-моддасида фуқарони банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан ҳакамлик судига фуқаро (қарздор), кредитор (қарз берувчи) ёки ваколатли орган (Федерал солиқ хизмати) мурожаат қилиши мумкинлиги белгиланган. Фуқарони банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза, агар фуқарога қўйиладиган талаблар беш юз минг рублдан кам бўлмаса ва кўрсатилган талаблар бажарилиши керак бўлган кундан бошлаб уч ой ичида бажарилмаган бўлса ва ушбу Федерал қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, ҳакамлик суди томонидан қабул қилинади.
Шунингдек, Қонуннинг 213.4-моддасида қарздор ҳакамлик судига ариза билан мурожаат қилишининг мажбурий ва ихтиёрий ҳолатлари ҳам белгиланган. Жумладан, агар фуқаро битта кредитор ёки бир нечта кредиторларнинг талабларини қондириш фуқаронинг пул мажбуриятларини ва (ёки) бошқа кредиторларга мажбурий тўловларни тўлиқ тўлаш мажбуриятини бажаришига имкон бермаса ва ушбу мажбуриятлар ва мажбуриятлар йиғиндиси камида беш юз минг рублни ташкил этган бўлса, бу ҳақда у билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб ўттиз иш кунидан кечиктирмай уни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан ҳакамлик судига мурожаат қилиши шарт.
Шунингдек, агар фуқаро пул мажбуриятларини ва (ёки) мажбурий тўловларни белгиланган муддатда тўлаш мажбуриятини бажара олмаслигини аниқ кўрсатадиган ҳолатлар мавжуд бўлиб, бу тўлов қобилиятининг йўқлиги ва (ёки) мол-мулкнинг етишмаслиги белгиларига жавоб берса, ҳакамлик судига уни банкрот деб эълон қилиш тўғрисида ариза бериш ҳуқуқига эга.
Ихтиёрий ҳолат агар тегишли шартлар мавжуд бўлса, фуқаро ушбу мажбурий ҳолатларнинг бошланишини кутмасдан ариза бериш ҳуқуқига эга эканлигиини англатади. Яъни, фуқаро қарз миқдори кўрсатилган суммадан кам, масалан, 200 000 ёки 300 000 рубль бўлган ҳолларда ҳам банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериши мумкин.
Қонунда жисмоний шахсларнинг банкротлиги босқичлари ва тартиби аниқ белгиланган. Унга кўра, агар суд қарзни қайта тузмасдан туриб мол-мулкни сотиш тўғрисида дарҳол қарор қабул қилса, фуқарони банкрот деб топишнинг энг кам муддати тўққиз ойни ташкил этади. Фуқарони банкрот деб топиш ҳужжатлар тўплаш, аризани расмийлаштириш, аризани топшириш, суд қарорини ижро этиш (қарзни қайта тузиш, банкрот мол-мулкни сотиш, келишув), банкрот деб топиш каби босқичлардан иборат бўлади.
Хулоса
Қонунчилигимизда фуқароларнинг банкротлиги бўйича иш юритишнинг жорий этилиши ва уларнинг тўловга лаёқатсизлиги масаласи ҳал қилиниши фуқароларнинг ижтимоий ҳолатига ва умуман мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатади.
Жисмоний шахслар учун банкротлик таомилларини амалга ошириш банклар ва бошқа молия институтларининг балансларини тозалашга, суд харажатларини тежашга, муаммоли кредитлар улушини камайтиришга ёрдам беради.
Албатта, жисмоний шахсларнинг банкротлиги институти иқтисодиётимизнинг ҳозирги ривожланиши ва аҳолининг ушбу жараённи тўғри англаш ва қўллаш учун тайёрлигини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.
А.Сафарова.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими