Адлия вазири Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ҳуқуқий тарғибот бўйича ахборот берди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2020 йил, 14 октябрь куни адлия вазири Русланбек Давлетовнинг “Ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, аҳолига қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етказиш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазир ўз ахборотида сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцяига қарши кураш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўстириш, қонун ҳужжатларини аҳолига ва ижрочиларга етказиш, норма ижодкорлиги ва юридик хизматлар фаолияти бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.
Жумладан, Халқ қабулхоналарига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар соҳалар кесимида таҳлил қилиниб, 30 та соҳа (йўналиш) бўйича манзилли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб борилаётганлиги, шунингдек, тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда жиноятчилик кўрсаткичи ҳамда ишсизлик даражаси юқори бўлган ҳудудлар рўйхати шакллантирилган ҳолда, мазкур ҳудудларда манзилли ва предметли тарғибот тадбирларини кучайтирилганлиги, умумий олганда вазирлик томонидан 2019 ва 2020 йил биринчи ярми давомида жами 520 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилгани таъкидланди.
Пандемия вақтида фуқаролар билан қайта алоқани ўрнатиш мақсадида, улар учун долзарб ва кундалик ҳаётда кўп дуч келинадиган ҳолатлар бўйича вазирлик веб-сайтида 21 та йўналишни ўз ичига олувчи алоҳида “Сўраган эдингиз” бўлими очилиб, ҳозирга қадар ушбу бўлимда жами 400 га яқин савол-жавоблар жойлаштирилиб келинаётганлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маслаҳатга бўлган эҳтиёжини масофавий тарзда қондириш мақсадида телеграм мессенжерида @huquqiy_maslahatbot, @notariusmaslahatibot, @davxizmataloqa_bot каби телеграм ботлари ишга туширилганлиги айтиб ўтилди.
Фуқароларга ўзлари истаган вақтда ҳуқуқий маълумот билан танишиш имкониятини кенгайтириш мақсадида Интернет тармоғида Ўзбекистон қонун ҳужжатлари миллий базаси – “LexUZ” фаолиятини ҳам янада такомиллаштирилганлиги,. мазкур сайтдан бир кунда 45 мингача одам фойдаланаётгани ва кунлик фойдаланувчилар сони охирги 4 йилда 3,5 баробарга ўсганлиги таъкидланди.
Шунингдек, вазирлик ҳуқуқий тарғиботда янги лойиҳаларни амалга оширган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга қаратилган, моддий аҳволидан қатъи назар, барча аҳоли қатламларини бепул ҳуқуқий маслаҳат билан таъминлашни назарда тутувчи 5 та ҳуқуқий портал (advice.uz – e-maslahat.uz, Миллий ҳуқуқий интернет портали, bolahuquqlari.uz, test.adliya.uz, hudud24.uz) ишлаб чиқилганлигига ҳамда тадбиркорлар учун бепул ҳуқуқий маълумот ва маслаҳат оладиган “Advice for business” юридик порталиҳам ишга туширилганлигига ҳам тўхталиб ўтилди.
“Мадад” бюролари томонидан 12 мингга яқин фуқароларга хизмат кўрсатилди, “Advice.uz” ҳуқуқий ахборот портали 60 мингдан ортиқ саволларга онлайн режимида жавоб берилганлиги, сайёр ҳуқуқий маслаҳат бериш тизими йўлга қўйилиб, вазирлик раҳбарияти томонидан бевосита ҳудудларда ўтказилган 40 дан ортиқ сайёр қабуллар жараёнида жами 3 799 нафар жисмоний ва юридик шахс қабул қилинганлиги ахборот сифатида айтиб ўтилди.
Вазирлик томонидан имконияти чекланган, кўзи ожиз шахсларга ўз ҳуқуқларини тушунтиришга кўмаклашиш мақсадида халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб қилган ҳолда брайл алифбосида 2 томдан иборат “Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” 2 минг ададда нашр этилди ва у кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид 29 та қонун ҳужжатлардаги нормаларни ўз ичига олган.
Бундан ташқари, вазир ўз ахборотида бир қатор давлат органлари ва ташкилотлари соҳасига оид қонун ҳужжатларини аҳоли ва ижрочиларга етказишга етарли даражада эътибор қаратмаётганини қайд этди. Бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдирди.
Шунингдек, вазирлик томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган ҳужжатлар, ишлаб чиқилган юридик ҳужжатлар ва уларнинг самарадорлиги, эскирган идоравий ҳужжатларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш, норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. Адлия вазирлиги томонидан келгусида амалга оширилиши кутилаётган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари адлия вазирининг ахбороти ва унда тилга олинган масалалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Йиғилишда Р.Давлетовнинг ахбороти бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими