Тошкент давлат юридик университети проректори Исломбек Рустамбеков дунёдаги машҳур учта халқаро арбитраж марказлари арбитри рўйхатига киритилди

Ўзбекистон Республикаси фуқароси, юридик фанлари доктори, профессор в.б., шу жумладан Тошкент давлат юридик университети проректори лавозимида ишлаб келаётган Рустамбеков Исломбек Рустамбекович дунёдаги машҳур учта халқаро арбитраж марказлари арбитри рўйхатига киритилди, жумладан у Гонконг халқаро арбитраж маркази (HKIAC), Куала-Лумпурдаги Осиё халқаро арбитраж маркази (AIAC) (Малайзия) арбитри ҳамда Вена халқаро арбитраж маркази (VIAC) (Австрия) томонидан тавсия этиладиган мутахассислар рўйхатига киритилди.

Шунингдек, у Халқаро арбитрлар институти (CIArb), Ҳамжамият ҳуқуқшунослар ассоциацияси (CLA) (Буюк Британия) ва Тижорат арбитражи халқаро ассоциацияси (ICCA) (Нидерландия) аъзоси бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Исломбек Рустамбеков “Халқаро тижорат арбитражи” ўқув дастури ва ушбу фан бўйича биринчи дарслик муаллифидир. Унинг муаллифлиги остида халқаро арбитраж ва медиация масалаларига бағишланган бир қатор ўқув қўлланмалар ва илмий нашрлар эълон қилинган.

Мамлакатимиз ёш олимларининг бундай натижалари юртимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар натижаси бўлиб, мавжуд салоҳият, халқаро миқёсга чиқиш ва эътирофга сазовор бўлиш имкониятини тўлиқ намоён қилади.