Ўзбекистон Адлия вазирлиги ва TIKA давлат ва юридик хизматларни рақамлаштириш соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда
Жорий йилнинг 28 август куни Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари М. Икромов Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ж.Туней билан учрашди.
Учрашув чоғида Адлия вазирлигининг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги мутахассислари вазирлик томонидан жисмоний ва юридик шахслар учун тақдим этилаётган давлат ва юридик хизматларни рақамлаштиришга доир асосий лойиҳавий таклифларини тақдим этди.
Ж. Туней фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини таъминлаш учун давлат бошқарувининг барча соҳаларини рақамлаштириш долзарб экани, коронавирус пандемияси даврида рақамли технологиялардан фойдаланиш, Туркия томони Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистонда рақамлаштириш соҳасидаги ислоҳотларга ўз ҳиссасини қўшишга тайёр эканини қайд этди.
Томонлар вазирлик томонидан тақдим этилган лойиҳаларни амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилди. Мазкур йўналишдаги қўшма лойиҳаларни баҳолаш ва амалга ошириш учун туркиялик мутахассисларни жалб қилишга келишиб олишди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан Адлия вазирлигига адлия органлари ва муассасалари фаолиятига рақамли технологияларни кенг жалб қилиш ва давлат хизматларини рақамлаштириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилган.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими