August 28, 2020

Адлия вазирлиги ҳомийлик манбаларни қабул қилувчи жамғармаларда очиқлик ва шаффофлик стандартини киритишни таклиф этмоқда

Жорий йил 28 август куни адлия вазирлигида ногиронлиги бўлган шахсларни ҳимоя қилиш соҳасида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва фаоллари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда соҳадаги муаммолар юзасидан фикрлар алмашилди.

Пандемия даврида давлат органлари кўмагида жамғарилган маблағлар, турли хил фондларга келиб тушган ёрдам пуллари ва маҳсулотларни эҳтиёжманд аҳоли қатламларига манзилли ва мақсадли етказиш юзасидан айрим суистеъмолчиликлар ва талон-тарожликлар бўлаётгани жамоатчиликнинг ҳақли саволларини келтириб чиқарди.

Шу муносабат билан, жамоат фондларига ва бошқа нотижорат ташкилотларига ажратилган маблағларни ишлатиш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, жамиятнинг хавотирига сабаб бўлаётган талон-тарожликларни олдини олиш мақсадида умуман янги бўлган очиқлик стандартини жорий этиш лозимлиги вазирлик томонидан илгари сурилди.

Ушбу стандартда ҳомийлар ва учинчи шахслар маблағларини жалб қилувчи ва сарф қилувчи ҳар қандай давлат ёки нодавлат жамғармалари, нотижорат ташкилотлари ҳар бир ишлатилган маблағ бўйича жамият олдида аниқ, тўлиқ ва кенгайтирилган ҳисоботни даврий равишда бериб боришининг юқори талаблари белгиланиши кўзда тутилиши мумкин.

Тақдим этиладиган маълумотлар, уларнинг кўлами, турлари, йўналишлари, яъни барча ахборот ягона манзилда чоп этилиши бу борада жамоатчилик томонидан тегишли назорат ва мониторинг олиб борилишига имкон яратади.

Шу билан бирга, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида жамоатчилик эшитуви, мониторинги ва жамоатчилик экспертизасини ўтказиш нодавлат сектор орқали амалга оширилиши, бироқ, амалиётда бу турдаги жамоатчилик назорати шакллари етарлича амалга оширилмаётганлиги қайд этилди.

Жамоатчилик назорати шаклларидан, айниқса, “жамоатчилик эшитуви”нинг муҳим эканлиги, чунки мазкур назорат шакли давлат органлари ва мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни муҳокама қилиш учун зарурлиги, шу сабабли жамоатчилик эшитувини янада кучайтириш лозим эканлигини таъкидланди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими