Янги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида прописка тизимини ислоҳ қилиш мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги имижини кўтарадими?
Тарихи XVIII асрнинг бошларидаги Чор Россиясига бориб тақаладиган ва кейинчалик Совет Иттифоқи томонидан ҳам фаол равишда қўлланилиб келган халқ орасида “прописка” номи билан машхур бўлган бу тизим мамлакатимизда умрининг сўнгги кунларини кечирмоқда деб айтишимиз мумкин. Чунки, апрель ойида Прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Енди халқимиз ушбу муҳокамада фаол қатнашиб энг асосий инсон ҳуқуқларидан бўлмиш ҳаракатланиш эркинлигининг мамлакатимизда янада мустаҳкамланишига ўз хиссаларини қўшишлари мумкин бўлади.
Хўш лойиҳада кўрсатилган янги қоидалар ҳар бир ҳуқуқнинг асосини ташкил этувчи қандай инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлайди?
Ушбу саволга жавоб бериш учун аввало, прописка бўйича эски қоидалар қайси инсон ҳуқуқларининг амалда қарор топишига тўсқинлик қилар эди деган саволга жавоб беришимиз керак. Бу албатта ҳаракатланиш эркинлигидир. Одатда ҳаракатланиш эркинлиги ўзи ҳам уч турга бўлинади.
1. Чет давлатга чиқиш эркинлиги
2. Мамлакатга кириб келиш эркинлиги
3. Мамлакат ичидаги ҳаракатланиш эркинлиги
Ҳаракатланишнинг ушбу учта тури бўйича Янги Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотларга келадиган бўлсак, улар бирма-бир такомиллаштириб борилаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.
Aввало, чет давлатга чиқиш эркинлиги масаласига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда чет элга “чиқиш визаси” бекор қилиниб янгича турдаги хорижга чиқиш пасспортлари жорий этилди. Бу фуқароларнинг ҳар уч йилда қийинчиликлар билан қайта-қайта чиқиш визасини олишдан озод этди.
Иккинчидан, мамлакатга кириб келиш эркинлиги масаласида ҳам катта ютуқларга эришдик. Ўзбекистонга кириб келиш мамлакатимиз фуқароларига ҳеч қандай мураккабликлар туғдирмайди. Бу соҳада нафақат фуқароларимизга, балки чет елликларга ҳам енгилликлар яратилмоқда. Масалан, Ташқи ишлар вазирлигининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра “Фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар”нинг сони 86 тани ташкил этмоқда. Бу шунчаки рақамларда эмас, балки амалда ҳам малакатимизда туризм соҳасининг ўсишига, иқтисодиётнинг кўтарилишига ва мамлакат имижининг ошишига олиб келди. Кўплаб мамлакатлар, масалан, Япония, Жанубий Корея каби мамлакатларнинг теелевиденияларида Ўзбекистонга бағишланган кўрсатувлар намойиш этилди.
Учинчидан, прописка тизимини ислоҳ қилиш бўйича аввал ҳам бир қанча енгилликлар яратилган эди. Aммо ҳозиргача яратилган енгилликлар айнан халқ истаган масаланинг атрофига яқин келар еди-ю, ҳеч марказга тегмасди. Бу сафарги лойиҳага эътибор қаратадиган бўлсак, энди вилоятликлар ҳам бемалол Тошкент шаҳридан кўчмас мулк сотиб олиш имкониятига эга бўлиши, улар янги қурилган уйларни сотиб олишда
олди-сотди шартномаси бўйича ҳеч қандай давлат божининг алоҳида ставкасини тўлашга мажбур бўлмаслиги ва бошқа бир қанча муҳим масалалар кўзда тутилган. Ушбу ўзгаришлар халқ кутган ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 моддасида мустаҳкамланган фуқароларнинг бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга кўчиш эркинликларини амалда таъминлаб беради.
Хўш ушбу ислоҳотлар қандай қилиб Ўзбекистоннинг халқаро имижини кўтариши мумкин?
Бизга маълумки Ўзбекистон Республикаси 1995 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1966 йилда қабул қилинган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактини ратификация қилган эди. Ушбу пактнинг 12 моддасида ҳаракатланиш эркинлиги таъминлаб берилган бўлиб, унга кўра ҳар бир шахсга ўзи яшаётган мамлакатнинг ҳудудида эркин ҳаракатланиш ва доимий яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи тақдим этилган. Ҳозирги кунгача бўлган Ўзбекистондаги ҳолат инсон ҳуқуқларига алоқадор кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан ҳам айнан ушбу пактнинг талабларига тўғри келмайди деб танқид қилиб келинган. Қонунчиликка киритилиши режалаштирилган янгиликлар еса амалда ушбу пактнинг 12-моддаси қоидалари Ўзбекистонда ишлаётганини кўрсатади.
Aлбатта, ушбу ҳолат инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам эълон қилиниш эҳтимоли катта. Ушбу ўзгаришлар бундай ҳисоботларни кузатиб борадиган хорижлик инвесторларнинг эътиборини тортмай қолмайди. Чунки, мамлакат ичида ҳаракатланиш ва кўчмас мулк эркинлигининг юзага келиши улар учун ҳам ўзлари ишламоқчи бўлган кадрлар билан боғлиқ вазиятни енгиллаштиради. Авваллари кўплаб хорижий инвесторлар ишламоқчи бўлган кадрлар билан боғлиқ муаммолар ҳам келиб чиқар эди. Хорижий инвестор ишлашни хоҳлаган ва хорижда таҳсил олаётган кўплаб Ўзбекистонликларнинг мамлакатимизга қайтиб келиб ишлашларида ушбу прописка катта тўсиқ едида! Энди улар ишламоқчи бўлган вилоятлик кадрлар Тошкент шаҳрида кўпроқ муддатга вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари ва уй сотиб олишни хоҳласалар бемаолол уй сотиб олишлари мумкин бўлади. Бу эса ҳодимнинг ишчанлик қобилиятига ҳам катта ижобий таъсир ўтказади. Бундан ташқари, кўплаб пойтахтда ишлаётган кадрлар қариндоши ёки бошқа бир шахснинг номига уй олиб, ишқилиб уйни тортиб олмасмикин деган ҳавотир билан яшамайди.
Демак, мазкур ўзгаришлар орқали таъминланадиган инсон ҳуқуқлари мамлакатимиз имижини нафақат халқаро ташкилотлар олдида, балки хорижий инвесторлар ва хорижда ишлаб, ўқиётган ватандошлар орасида ҳам оширади.
Юқоридаги ислоҳотлардан ҳам кўришимиз мумкинки, Ўзбекистон Республикаси томонидан амалга оширилаётган прописка тизимидаги ислоҳотлар шунчаки вазиятга қараб эмас, балки тизимлилик асосида инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини юқори ўринга қўйган ҳолда амалга оширилмоқда
Ҳакимов Аҳаджон Маъруфжон ўғли
Тошкент давлат юридик университети
Халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқлари кафедраси катта ўқитувчиси