September 19, 2020

Қандай ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди?

Қонунчиликда мажбурий меҳнат – бирор-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Яъни ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас.

Мажбурий меҳнат ва унинг учун жавобгарлик масалалари бўйича жорий йил 18 сентябрь куни Адлия вазирлигининг "Адлия билан мулоқот" гуруҳида ва унинг Youtubeдаги саҳифасида “On-line” мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси ходимлари иштирок этиб, янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси лойиҳаси бўйича кутилаётган ўзгаришлар, қандай ишлар мажбурий меҳнат ҳисобланиши ва мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик масалалари бўйича тушунтириш беришди.

Жумладан, ишга жалб қилишни мажбурий меҳнат деб баҳолаш учун шахснинг ушбу ишни башаришга бўлган муносабати асосий мезон ҳисобланишини, ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосидаги ишлар, фавқулодда ҳолат юз берган шароитлардаги ишлар, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан қўлланадиган ишлар ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмаслигини ҳамда умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат Президентнинг тегишли ҳужжати ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарори мавжуд бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, мутахассислар томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун қонунчиликда белгиланган жазо чоралари ҳақида тўхталиб, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашМаъмурий жавобгарлдик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддасига асосан БҲМ нинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, ушбу қилмиш вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса БҲМнинг 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима, агар ушбу ҳаракат маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланишга олиб келишини айтишди.

Мулоқот давомида фуқароларнинг иш вақтидан ташқари иш билан мажбурий меҳнат ўртасидаги фарқлар нимада эканлиги, мажбурий меҳнат билан боғлиқ ҳолатлар бўйича қайси давлат органига мурожаат қилиши кераклиги, мажбурий меҳнат учун қандай жазо чоралари қўлланилишига оид саволларига вазирлик ходимлари томонидан жавоблар берилди.

Шунингдек, мулоқотда фуқаролар янги таҳрирда қабул қилинаётган Меҳнат кодекси лойиҳаси бўйича ўз таклифларини, жумладан, мажбурий меҳнат юз берганда раҳбар жавобгарликка тортилиши, лекин мажбурий равишда бажарилган иш учун ходимнинг меҳнат ҳақи масаласи очиқ қолиб кетиши ҳамда ходим ва иш берувчи ўртасида тузиладиган меҳнат шартномасига мажбурий меҳнатга оид нормаларни киритиш кераклигини айтиб ўтишди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими