Короновирус дилеммаси: Европада инсон ҳуқуқлари ва инсон соғлиғи ўртасидаги танлов
Дунё оммавий ахборот воситаларининг сўнгги янгиликларига кўра, умумжаҳон COVID-19 коронавирус пандемиясидан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан ҳисобланаётган Испания ва Италияда ачинарли ҳолатни ўнглаб олинишига умид уйғотувчи “қурбонлар сонининг ўсиши секинлашганлиги” ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Испания ва Италия соғлиқни сақлаш вазирликлари раҳбарлари ушбу ўта муҳим ижобий тенденцияга ўз ҳукуматлари қўллаган қатъий карантин чораларининг натижаси ўлароқ эришилганлигини қайта-қайта таъкидлашмоқда. Ушбу “оралиқ ғалаба”нинг асл сабабини эълон қилиш учун зарурат мазкур икки мамлакат учун ҳам, бутун Европа учун ҳам йирик дебатлар ва мунозараларга сабабчи бўлаётган ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан ғарб қонунчилиги учун ўта нозик бўлган “инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг поймол бўлиши” деб бонг урилаётган босимни енгиллатиш учун пайдо бўлган, десак хато бўлмайди.
Бир неча ҳафта илгари расмий Мадрид ва Рим томонидан қўлланилган қатъий карантин чоралари кўплаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлари ва фаол жамоатчиларнинг жиддий танқиди остига олинганди. Мазкур танқид ва айрим тушунмовчиликлар сабаб карантин чоралари аҳолининг кенг қатламлари норозиликларига олиб келганди. Ўз ўрнида қийинчиликлар билан татбиқ этилган карантин режимини эълон қилишдан ҳам олдин қонунчиқарувчилар узоқ давр мобайнида оғир кураш ва ҳуқуқий можаролардан ўтишга мажбур бўлишганди. Йўқотилган бир неча ҳафталик давр мобайнида коронавирус, албатта, ўз таъсирини геометрик прогрессияда кучайтиришга улгурди.
Хусусан, Италияда биринчи коронавирус билан зарарланган хитойлик сайёҳлар 2020 йил 31 январ куни аниқланган ва февраль ойининг охиригача коронавирус билан зарарланганлар кўрсаткичи бўйича Италия дунё бўйича иккинчи ўринга чиқди. Бироқ, бутун Италия бўйлаб карантин чоралари фақатгина 10 март куни эълон қилиниб, 11 март кунидан қўлланилиши бошланди. Ушбу қарор эълон қилинганига қарамасдан, кўплаб италиялик фуқаролар белгиланган тартибга риоя этмасдан келишди. Карантин қоидаси бўйича тартиббузарликлар 24 март куни Италия Вазирлар кенгаши томонидан “карантин қоидаларини бузганлиги учун 400 евродан 3 минг еврогача жарима жазоси” ўрнатилмагунча давом этаверди ва коронавирусни юқтирган ҳамда унинг натижасида ҳалок бўлган фуқаролар сонининг бир-неча бор ошиб боришига олиб келди.
Экспертлар фикрига кўра, қатъий чоралар Италияда февраль ойининг бошидаёқ, коронавирус инфекциясининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўта жиддий таҳдидлиги аён бўлганида қўлланилмаганига қонунчиликнинг мазкур соҳадаги ўта заифлиги бўлиб қолди. Боккони Университетининг қиёсий ҳуқуқ соҳаси профессори А.Ведашининг фикрига кўра, Италия Вазирлар Кенгаши президенти (ижроия ҳокимият раҳбари) қўллаган карантин чоралари фашист диктатураси қайтишидан қўрқиб тузилган Италия конституциясининг фуқаролар эркинликларига оид аксар нормаларига зид бўлиб чиқди. Бироқ, қатъий тадбирларни қўллаш – энг зарур чоралиги аён бўлганлиги сабабли, А.Ведашининг таъкидлашича, коронавирус билан боғлиқ вазият тугуганидан сўнг Италия конституциясини фавқулодда ҳолатларга мослаштириш, шу жумладан ҳукумат ваколатларини ошириш бўйича нормалар киритиш масаласи кун тартибига чиқади.
Мутахассисларининг фикрига кўра, 47 европа мамлакатлари, шу жумладан Испания ва Италия, коронавирус пандемияси даврида ўзлари имзо чеккан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 15-моддасига мувофиқ “уруш ёки бошқа фавқулодда ҳолатларда, миллат ҳаётига таҳдид соладиган ҳолатларда” фавқулотда ҳолат эълон қилиш ҳуқуқини қўллашлари мумкин. Бироқ, ушбу моддани коронавирус пандемияси даврида курашни ташкил этиш учун фақатгина Арманистон, Эстония, Грузия, Латвия, Молдова ва Руминия ҳукуматлари қўллаган, холос. Вужудга келган пандемияга қарши курашни бошқа европа мамлакатлари ўзларининг миллий қонунчилиги доирасида ва аксар ҳолларда карантин чораларини қўлламасдан ҳал этишга уринишмоқда ва бу коронавирус тарқалишига қўшимча шароитлар яратиб беришини англатмоқда.
Европада энг енгил чоралар Швеция ҳукумати томонидан қўлланилмоқда, яъни, фуқароларга 50 кишидан ортиқ тўпланмаслик талаби қўйилган, холос. Стокгольмнинг фикрига кўра, ҳукумат аҳолига коронавирус юқтириб олмаслик бўйича тавсиялар бериш билан чекланиши керак. Бу, албатта, вужудга келган хатарли вазиятда ўзининг салбий оқибатини кўрсатишни бошламоқда. Хусусан, 29 март куни коронавирус сабабли Швециянинг 110 нафар фуқароси вафот этган бўлса, 5 апрелга келиб ушбу сабаб 401 швед фуқароси оламдан ўтган. Буюк Британиянинг YouGov нашрининг 1 апрел ҳолатидаги маълумотларига кўра, коронавирус натижасида ўлим ҳолатларининг аҳоли жон бошига нисбатан кунлик ошиши бўйича Швеция 5-ўринга (0.0024%) кўтарилган (1-ўрин Италия (0.0207%), 2-ўрин Испания (0.0193%), 3-ўрин Франция (0.0053%), 4-ўрин Буюк Британия (0.0027%)). Европанинг етакчи нашрларидан бири бўлган Politico мухбирлари ёзишича, “Швецияда ҳолат таҳликали. Кунлик коронавирусга чалинганлар сони аниқланиши ҳолатлари кўпайиб бормоқда”. Шунинг билан биргаликда, мутахассислар фикрига кўра, коронавирусга текшириш ишлари олиб борилмаганлиги сабабли, асл ҳолат бунданда ачинарли бўлиши мумкин.
2020 йил 6 апрель ҳолатига кўра, бутун дунё бўйлаб 1,3 млн. нафар инсонга юқиб, 70 минг инсон умрига завол бўлган COVID-19 пандемияси бўйича 337 минг коронавирус юқтириб олган инсон билан АҚШ биринчи ўринда, 131 минг киши билан Испания иккинчи ўринда, Италия эса 128 минг касалланган инсон билан учинчи ўринни эгалламоқда. Хитой эса 82 минг нафар касалланган киши билан, Германия (100 минг) ва Франциядан (93 минг) сўнг олтинчи ўринга тушган. Кўриниб турибдики биринчи бешталик давлатлари ўзининг ривожланган иқтисодиёти ва кучли либерал давлатчик анъаналарига қарамасдан фавқулотда юз берадиган ҳолатларга тез ва самарали чораларни кўра олмаганлиги қонунчиликда ушбу тор соҳада кўплаб жиддий муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда.
Шубҳасиз, барча давлатлар учун пандемия даври, ўзи олиб борган сиёсатига мувофиқ равишда, у ёки бу даражада оғирликда ўтади. Ушбу шароитларни инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш устоворлиги тамойилини ҳеч қандай инкор этишга асос ёки баҳона сифатида қабул қилиш мумкин эмас, вазиятдан бундай фойдаланиш оддий ахлоқ қоидаларига зид. Бироқ, Европа минтақасидаги бугунги вазият мисолида гувоҳ бўлганимиздек, жамоатчиликнинг ўз ҳукуматларига нисбатан ўтказадиган ортиқча босими, ҳукуматнинг фавқулодда вазиятларда фалажланишига ҳамда самарали чораларни ўз вақтида татбиқ этмасдан қолишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун, пандемия якуни бўйича дунё мамлакатлари қонунчиқарувчилари учун фавқулодда вазиятларни тўғри таҳлил қила олиш, тез ва самарали чораларни қўллай олиш бўйича ҳуқуқий механизмларни ҳозирлаб қўйиш аҳамиятининг ошиши муқарар.
Ш.Рўзиев, Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими