February 25, 2020

Консуллик рўйхатидан электрон тарзда ўтиш имкони яратилди

“Хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги буйруқ Адлия вазирлиги томонидан жорий йил 10 февралда 3218 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилди.

Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик уставини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ хорижда бўлган (бўлиб турган) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг консуллик рўйхатини юритиш тартибини белгилаган.

Хорижда доимий яшаётган ёки вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаларида доимий ёки вақтинча консуллик рўйхатига олинадилар.

Хорижда доимий яшовчи ёки вақтинча турувчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни консуллик рўйхатига (доимий, вақтинча) қўйиш учун консуллик мансабдор шахси номига ариза бериш интерактив хизматлар веб-портали “www.consulate.mfa.uz” орқали масофадан туриб ҳам амалга оширилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни доимий консуллик ҳисобига олиш учун консуллик йиғимлари, мазкур консуллик ҳаракатини амалга оширилганлиги билан боғлиқ ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимлар ундирилади. 16 ёшга тўлмаган болаларга эса консуллик йиғимлари ундирилмаган ҳолда алоҳида рўйхатга олиш варақаси (электрон рўйхатга олиш варақаси) тўлдирилади.

16 ёшга тўлмаган болаларнинг биометрик паспорти, нобиометрик паспорти, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда, шунингдек ота-онасининг ёки улардан бирининг нобиометрик паспортига ёзилган ҳолда хорижга чиқиб кетган шахслар бўлганда ҳисобга олиш уларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси асосида амалга оширилади.

Доимий ёки вақтинча консуллик ҳисобига олингандан кейин ҳисоб маълумотларига ўзгартиришлар (фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш манзилини ўзгартириш ва шу кабилар) киритилганда рўйхатга олиш варақасига (электрон рўйхатга олиш варақасига) тегишли қайдлар ва қўшимчалар киритилади.

Хорижда доимий яшовчи Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаси рўйхатига олиниш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

интерактив хизматлар веб-портали орқали тўлдирилган электрон рўйхатга олиш варақаси (интерактив хизматлар веб-портали орқали электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда ариза ва рўйхатга олиш варақаси) тўлдирилади;

паспорт (биометрик, нобиометрик намунадаги), хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг (биометрик паспорт, нобиометрик паспорт, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда) асли (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортидаги бола ҳақидаги маълумотлар киритилган саҳифаси нусхаси (бола ҳақидаги маълумотлар ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортига киритилган ҳолда хорижга чиққан бўлса);

чиқиб кетиш варақасининг ёки ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан берилган фуқаронинг биометрик паспорти, нобиометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжатига ёпиштирилган «Dоimiy yashashga ketishga ruxsat berildi» ёзувли стикернинг нусхаси;

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижий давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ (виза, яшаб туриш ҳужжати, вақтинча яшашга рухсатнома, паспортдаги тегишли қайдлар, маълумотномалар ва шу кабилар) бўлиб туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3 х 4 см ўлчамдаги 1 дона фотосурат (электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда);

консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобига йиғимлар тўлангани тўғрисида квитанция.

Хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари
ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни консуллик рўйхатига олиш бепул амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик рўйхатига қўйиш учун интерактив хизматлар веб-портали орқали мурожаат қилганда юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг “PDF” форматида сканер қилинган вариантини юборади.

Хорижга хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, ишга ва ўз оиласи билан бирлашиш учун чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар вақтинча консуллик рўйхатига олинадилар.

Хорижга сайёҳ сифатида, шахсий ишлари ёки мазкур Йўриқноманинг 15-бандида назарда тутилганидан бошқа мақсадларда олти ойдан ортиқ бўлмаган муддатга чиқиб кетган, шунингдек мамлакат орқали транзит ўтиб кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаларида консуллик рўйхатига олинмайди.

Вақтинча консуллик рўйхати 4 йилгача бўлган муддатга расмийлаштирилади. Хусусан, хорижда бўлиш мақсадлардан келиб чиққан ҳолда вақтинча консуллик рўйхати қуйидаги муддатларга расмийлаштирилади:

хизмат сафари — хизмат сафари давомийлиги муддатига;

ўқиш — ўқиш муддатига;

даволаниш — тиббий хизматдан фойдаланиш ёки даво муолажалари муддатига;

ишлаш — меҳнат шартномаси муддатига;

ўз оиласи билан бирлашишга — 4 йилгача.

Хорижда вақтинча бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик муассасаси рўйхатига олиниш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

интерактив хизматлар веб-портали орқали тўлдирилган рўйхатга олиш варақаси (интерактив хизматлар веб-портали орқали электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имконияти бўлмаганда ариза ва рўйхатга олиш варақаси) тўлдирилади;

паспорт (биометрик, нобиометрик намунадаги), хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки ҳаракатланиш ҳужжати (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

16 ёшга тўлмаган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг (биометрик паспорт, нобиометрик паспорт, хорижга чиқиш биометрик паспорти ва ҳаракатланиш ҳужжати бўлмаганда) асли (нусхалари олиниб, асли қайтарилади);

ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортидаги бола ҳақидаги маълумотлар киритилган саҳифаси нусхаси (бола ҳақидаги маълумотлар ота-онасидан бирининг нобиометрик паспортига киритилган ҳолда хорижга чиққан бўлса);

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг хорижий давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ (виза, яшаб туриш ҳужжати, вақтинча яшашга рухсатнома, паспортдаги тегишли қайдлар, маълумотномалар ва шу кабилар) бўлиб туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжат;

3 х 4 см ўлчамдаги 1 дона фотосурат (электрон рўйхатга олиш варақасини тўлдиришнинг имкони бўлмаганда);

хорижга хизмат сафарига чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун буйруқ ёки хизмат сафари гувоҳномасининг нусхаси;

хорижга ўқишга чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун ўқиш жойидан маълумотнома ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатлар;

хорижга даволанишга чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикаси ёки бўлиб турган мамлакат тиббиёт муассасаси томонидан берилган тиббий ҳужжатлар (тиббий маълумотнома, тиббий муассаса таклифномаси ва шу кабилар);

хорижга ишлашга чиқиб кетган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун иш жойидан маълумотнома ёки меҳнат шартномасидан нусха;

никоҳ тузилганлиги тўғрисида гувоҳноманинг (оиласи билан бирлашиш мақсадида хорижга чиқиб кетган фуқаролар учун) ҳамда вояга етмаган болаларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари (биргаликдаги никоҳдан болалар бўлганда) нусхалари;

Қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар консуллик рўйхатидан чиқарилиши мумкин:

бошқа консуллик округига доимий яшашга чиқиб кетганда;

хорижда вақтинча бўлиб туриш муддати тугаганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиққанда (фуқароликни йўқотганда);

вафот этганда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар доимий яшаш жойини, шунингдек, иш, ўқиш ёки хизмат сафари жойини олти ойдан ортиқ муддатга ўзгартирганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасига қарашли бошқа консуллик муассасасининг консуллик округи ҳудудига кўчиб ўтган тақдирда олдинги яшаш жойидаги консуллик рўйхатидан (доимий, вақтинчалик) чиқишлари ҳамда янги келган жойларида консуллик рўйхатига олинишлари лозим.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган ҳолларда улар консуллик рўйхатидан чиқиш учун ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментига мурожаат қиладилар.

Комил Абдуллаев

Адлия вазирлиги масъул ходими