July 29, 2020

Ўзбекистон мутахассиси илк бор Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг арбитрлари рўйхатига киритилди

Ўзбекистон Республикаси тарихида биринчи бор мамлакатимиз фуқароси, юридик фанлари доктори, профессор, Тошкент давлат юридик университети проректори лавозимида ишлаб келаётган Рустамбеков Исламбек Рустамбекович дунёдаги энг машхур халқаро арбитраж – Инвестиция низоларини ҳал қилиш бўйича халқаро марказнинг (ICSID, Вашингтон, АҚШ) арбитрлари рўйхатига киритилди.

Маълумот учун: ICSID Жаҳон Банки тизимига кирувчи халқаро ташкилот бўлиб, БМТ томонидан халқаро инвестиция низоларини ҳал этиш учун тузилган. Ушбу ташкилот 1966 йилда Давлатлар ва ажнабий шахслар ўртасидаги инвестицияга доир низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисидаги 1965 йил 18 мартда қабул қилинган Вашингтон конвенцияси асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси мазкур конвенцияга 1994 йил қўшилган.

Таъкидлаш жоизки, Исламбек Рустамбеков Гонконг халқаро арбитраж маркази (HKIAC), Куала-Лумпурдаги Осиё халқаро арбитраж маркази (AIAC) (Малайзия), Делос мустақил арбитраж институти арбитрлари ҳамда Вена халқаро арбитраж маркази (VIAC) (Австрия) томонидан тавсия этиладиган мутахассислар рўйхатига киритилди.

Шунингдек, у Халқаро арбитрлар институти (CIArb), Ҳамжамият ҳуқуқшунослар ассоциацияси (CLA) (Буюк Британия) ва Тижорат арбитражи халқаро ассоциацияси (ICCA) (Нидерландия) аъзосидир.

Таъкидлаш жоизки Исламбек Рустамбеков халқаро низоларни ҳал этиш, халқаро арбитраж ва медиация масалалари бўйича бир қатор ўқув адабиётлари ва илмий мақолалар муаллифи ҳамда мазкур масалалар бўйича халқаро конференциялар маърузачисидир.

Адлия вазирлигиЖамоатчилик билан алоқалар бўлими