April 9, 2020

“Ўзини яккалаш”: нима учун, қаерда, қандай?

 Айни кунларда деярли барча давлатларда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида тезкор, шошилинч ва қатъий чоралар кўрилмоқда. Масалан, биргина Италиянинг ўзида оммавий ўлимлар кўпайиб кетгани учун ҳам уйидан бесабаб чиққан киши нақ 5 минг евро жаримага тортилиши белгиланмоқда. Шунга қарамай, аҳоли уйда қолишни рад этмоқда. Бунинг ортидан эса вазият тобора кескин тус олиб, кунига юзлаб одамлар ўлими қайд этилмоқда. Вирусга чалинганлар сони жуда кўп.

Ёки Ҳиндистонни олайлик. 1,5 миллиард аҳолиси тўлиқ уйда ушлаб турилибди – ҳеч қандай истисноларсиз. Ушбу тартибга бўйсунмаётганларни полиция куч билан бўлса ҳам уйига ҳайдаб киритмоқда. Эс-ҳуши жойида бўлган киши бу каби манзара-ҳолатлардан вазиятнинг қай даражада эканини англаб-чамалаб олади. Бутун дунё “Уйда қолинг!” деб жар солаётган бир пайтда уйда бўлмасликни тушуниш қийин, оқлаб ҳам бўлмайди.

Бизда ҳам Республика махсус комиссияси томонидан бу борада қатор чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, 1 апрелдан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида “ўзини яккалаш” (“самоизоляция”) ҳаёт тарзи жорий этилганидан хабарингиз бор.

“Ўзини яккалаш” деганда уйда қолиш тушуниладими?

Хўш, “ўзини яккалаш” нима? Атрофдан узилиш, кўча-кўйга чиқмаслик, уйда қолишми? Қисман ҳа. Нега қисман? Аслида, бундай ҳаёт тарзи нафақат уйда қолишни, балки соғлом шахснинг бошқа шахслар билан алоқада бўлишини максимал даражагача чеклашни назарда тутади. Бунда бевосита уй шароитини ҳам тушуниш ўринли. Аммо бундан ташқари бирор ҳаётий зарурат билан кўчага чиққанда ҳам, тўплашиб юрмаслик, одамлар билан масофа сақлаш, кўпчилик тўпланиб турган жойга яқинлашмаслик каби чоралар ҳам тушунилади.

Тартиб фақат қариялар учунми?

Афсуски, орамизда “ўзини яккалаш”ни қарияларгагина тааллуқли дея қабул қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Эслатиб ўтамиз, ушбу тартиб 6 апрелдан буён ёшу қари, фарқи йўқ – ҳамма учун мажбурий ҳисобланади ва унинг ҳам ўзига яраша мезонлари мавжуд. Яъни “ўзини яккалаш” деганда фақат уйда қолишгина тушунилмайди.

Улар қандай мезонлар?

Биринчидан, ҳар бир шахснинг бўлар-бўлмасга уйдан кўчага чиқиши тақиқланади. Қачонки, зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилди. Бошқа мақсадларни баҳона қилиб кўчага чиқиш қатъиян чекланади. Иш жойига бориш ва келиш билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.

Иккинчидан, ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда икки метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади.

“Ўзини яккалаш” ва карантин: фарқи борми?

“Ўзини яккалаш” – бу карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми. Карантин ёки карантинга оид тадбирлар кенг қамровли тушунча бўлиб, унда ваколатли орган (бугунги кундаги махсус комиссия) аҳолини юқумли ва паразитар касалликлардан ҳимоя қилиш мақсадида турли чекловларни, тартибларни жорий этади. Демак, “ўзини яккалаш” ҳаёт тарзи ҳам муайян маънода карантин бўлиб, унинг доирасида амалга оширилади. Уйдан чиқиш чекланаяпти. Уларнинг фарқли жиҳатлари қандай?

Аввало, карантинга олинган шахслар тиббиёт ёки санитария-эпидемиология ходимларининг доимий кузатуви ва назорати остида бўлади. “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида эса фуқаро тиббий кузатув ёки назорат остида бўлмайди.

Маълумот учун: Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, 88 695 нафар фуқаро айни пайтда стационар ва уй карантин кузатувида қолмоқда. Бундан 67 576 нафари уй карантин кузатувида бўлганлар ва 21 119 нафари жами республика бўйлаб 155 та стационар муассасасида бўлиб турганлар. Шунингдек, 62 574 нафар фуқаролар “ўзини яккалаш” (самоизоляция) ҳаёт тарзига ўтказилган. Улардан 56 221 нафари уй карантинидан ва 6 353 нафари стационар карантиндан чиқазилган.

Карантинга олинган шахсларга маълум имтиёзлар татбиқ этилади. Мисол учун,  карантинга олинган шахслар “вақтинчалик меҳнатга лаёқатсиз” деб топилади ва бунинг учун уларга иш жойидан тўлов жорий қилинади, “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида эса шахсга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси тўлаб берилмайди, у карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда ишлаши ва ишга бориб-келиши мумкин.

Қандай жавобгарлик бор?

“Ўзини яккалаш” бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Ўзини яккалаш” нима учун шарт?

Карантин шароитида жорий этилган чекловлар вируснинг четдан мамлакатимизга кириб келиш “оқими”ни тўсди. Галдаги масала касаллик билан ички доирада курашиш эди. Бу борада ҳам карантин қоидалари жорий этилиб, назорат кучайтирилганига қарамай, айрим фуқароларимиз ҳали бу инфекция хавфини тўлиқ англаб етганича йўқ. Ҳеч ким бу вирусга чалинишни хоҳламайди. Вирус жуда юқумли ва ҳар кимга юқиши мумкин. Шуни англасак, ўзимизни ҳадеганда одамлар орасига урмаймиз, масофа сақлаймиз. Шунинг учун ҳам ҳаёт тарзимизни бир зумга ўзгартириб турайлик – ўзимизни яккалайлик. Ўзимизни яккалаб кўпларнинг соғлиғини асрашга ҳисса қўшайлик.

Шерзод РАБИЕВ

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи