August 22, 2020

Медиация низони ҳал этишнинг осон йўли

Айни шу мавзуда Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 21 август куни ҳуқуқшунос мутахассислар, медиаторлар, журналистлар ва блогерлар иштирокида ЗООМ дастури орқали онлайн пресс конференция ўтказилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, ривожланган хорижий мамлакатлар ҳуқуқий тизимида низоларни судгача ҳал қилишга қаратилган медиация–яраштирувинститутининг ўрни алоҳидадир.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда бозор иқтисодиётига асосланган муносабатлар жадал ривожланиб борар экан, субъектлар ўртасида турли низолар вужудга келиши муқаррар.

Шу сабабли ҳуқуқ тизимида медиация, яъни низоларни судгача ҳал қилиш тизимини ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Бўлиб ўтган видео мулоқотнинг асосий мақсади ҳам низоларни муқобил ҳал этишнинг самарали механизмларини жорий этилиши фуқаролар учун қандай афзалликлар беришини кенг аҳоли қатламига етказишдан иборат.

Онлайн мулоқотда Президентнинг “Низоларни муқобил ҳал этишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорида ҳақида ҳам сўз юритилди.

Медиациянинг ҳуқуқий асослари, Низоларни муқобил ҳал этишда Аппеляция кенгашиларининг ўрни, медиация соҳасидаги янгиликлар, муаммолар ва хорижий тажрибалар хусусида фикрлар алмашилди.

Конференцияда мутахассислар томонидан фуқаролар учун қизиқ бўлган бир қатор саволларга ҳам жавоб берилди.

Жумладан, медиация - тарафлар ўртасида келиб чиққан низо бўйича ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули эканлиги, медиатор эса медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс ҳисобланиши, медиаторлик фаолияти 2 усулда профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши ҳамда медиатор тарафлар олдида етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлишига оид маълумотлар берилди.

Бундан ташқари, мулоқотда медиатор фаолияти ҳақ эвазига ёки бепул амалга оширилиши мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтилди.

Шунингдек, конференцияда бугунги кунда мамлакатимизда 76 нафар медиатор ўқитилганлиги, шулардан 31 нафари профессионал медиаторлар сифатида фаолият юритаётганлиги ҳамда жорий йилнинг 1 августидан бошлаб айрим давлат органлари ҳузурида Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда давлат органлари ўртасидаги низоларни судгача ҳал қилиш бўйича апелляция кенгашлари ўз ишини бошлаганлиги бўйича ҳам маълумотлар берилди.

Мулоқот сўнггида медиатор сифатида журналист ва блогерлар ҳам фаолият юритиш истаги борлигини билдиришди. Келгусида махсус ўқув курслари ташкил этган ҳолда уларни ҳам ўқитиш мумкинлиги айтиб ўтилди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алқоалар бўлими