August 17, 2020

Нодавлат нотижорат ташкилотлари карантин шароитида фаолиятида пайдо бўлаётган масалалар юзасидан сўровномага таклиф этилади!

Коронавирус пандемияси нафақат инсонлар соғлигига, балки жамиятнинг барча соҳаларига ўзининг таъсирини кўрсатмоқда. Барча ташкилотларнинг фаолият кўрсатиб кета олиши билан боғлиқ масала кун тартибида асосий ўринга кўтарилди.

Ҳозирги даврда нодавлат сектордаги фаоллик ҳам ўз-ўзидан сусайибди. Лойиҳалар ва ижтимоий буюртмалар доирасида амалга ошириладиган тадбирларни ўтказиш, ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ фаолият кескин камайди. Нодавлат секторни молиявий таъминлаш, хусусан унда фаолият кўрсатаётган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари деярли тўхтаб қолган.

Нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги ПФ–5997-сон Фармони билан тасдиқланган 2020 – 2024 йилларда адлия органлари
ва муассасаларини ривожлантириш концепциясида нодавлат нотижорат ташкилотларига давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятли вазифаларни бажариши учун давлат ижтимоий буюртмасини бериш сони ва ҳажмини ошириш чораларини кўриш назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги пандемия шароитида ННТ фаолиятидаги масалаларни ўрганиш учун ННТлар, ташкилий тузилишидан қатъи назар, қуйидаги ҳавола орқали онлайн сўровномада иштирок этишга таклиф қилинади:

https://docs.google.com/forms/d/e/1FAIpQLSd-NsR7opykX0Vd1w4wafV4hfKRUHc3KvY40MsGSa7YnW8tag/viewform

Саволларга жавоблар кўпи билан 5-7 дақиқа давом этади. Имкон қадар батафсил тўлдирилиши сўралади. Сўровнома 2020 йилнинг 18 августидан
28 августигача бўлиб ўтади.

Жавоблар нафақат ННТ фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш, балки мазкур соҳани такомиллаштиришга қаратилган кейинги тавсиялар ва тадбирларни ишлаб чиқишда ёрдам беради.

Тадқиқот натижалари Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020-йил 20-сентабргача веб-сайтда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги