February 22, 2020

Янги вазирлик асрий қадриятларимизни асраш ва юксалтиришга хизмат қилади

Ватан маҳалладан бошланади. Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир инсон ҳаёти маҳалла билан узвий боғлиқ. У инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга маънавий маскан ҳисобланди.

Сўнгги уч йилда маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни аҳолига энг яқин ва халқчил тузилмага айлантириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Хусусан, маҳалла институтига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Маҳалла тизимида фаолият юритаётган ходимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришнинг янги тизимлари жорий этилди. Мамлакатимиз бўйича 600 дан ортиқ маҳалла идоралари янгидан қурилган бўлса, 2000 дан ортиғи эса замонавий таъмирланди.

Тан олиб айтишимиз керакки, шунча ишлар амалга оширилишига қарамасдан, бу борада талайгина муамолар ҳам тўпланиб қолган эди. Замоннинг ўзи ушбу ноёб институтни ҳар томонлама қўллаб-қувватловчи ва амалий ёрдам кўрсатувчи ташкилотга эҳтиёж туғилганлигини кўрсатиб турибди.

Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли осойишталигини таъминлаш, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш, нуронийлар ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари роли ва мавқеини янада мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди.

Ушбу масалалар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам асосий кун тартибидан ўрин олди.

Йиғилишда жамиятнинг асосий бўғини бўлмиш оила ва унинг мустаҳкамлиги, ёшларимизнинг саломатлиги, маънавий-ахлоқий тарбия билан боғлиқ муаммолар ва уларни олдини олиш ва ҳал қилишда маҳалланинг ўрни масаласи танқидий жиҳатдан муҳокама қилинди.

Давлатимиз раҳбари томонидан маҳаллаларда тўпланиб қолган муаммо ва камчиликларга самарали ечим топиш, тинчлик-осойишталикни асраб-авайлаш мақсадида алоҳида вазирликни ташкил этиш таклифи билдирилган эди.

Бундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Ушбу фармон жамоатчилик вакиллари томонидан ОАВ ва турли ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Фуқароларимиз, мутахассис экспертлар ва олимлар ушбу вазирликнинг ташкил этилишини ўз вақтида амалга оширилган ислоҳот сифатида баҳоламоқда.

Мутахассис сифатида айтишим мумкинки, оила масалалари ва ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига оид муносабатларни амалга ошириш мақсадида шунга ўхшаш вазирликлар ёки бошқа номдаги бошқарув органлари кўплаб мамлакатлар амалиётида мавжуд ва бу ўзини ижобий жиҳатдан оқлаган тажриба сифатида баҳоланади. Масалан, Буюк Британия, Жанубий Корея, Канада, Сингапур, Туркия, Малайзия, Хорватия, Ҳиндистон тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ушбу давлатларда бир неча асрлардан буён оила, ёшлар ва ўзини ўзи бошқариш масалалари бўйича махсус вазирлик ва идоралар самарали фаолият кўрсатиб келмоқда.

Биргина Буюк Британия тажрибасига эътибор қаратсак, ушбу давлатда Ўзини ўз бошқариш, уй жой қурилиш ва жамоа масалалари бўйича вазирлик фаолият кўрсатади.

Ушбу вазирликнинг асосий вазифалари сифатида жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш; мактаб ва мактабгача таълимни ташкил этиш; ҳудудни режалаштириш, ердан фойдаланишни бошқариш, ёнғинга қарши ҳимоя, сув таъминоти, канализация, санитар корхоналарни ишлатиш, аҳолини газ, иссиқлик қуввати ҳамда электр тармоқлари билан таъминлаш, дафн этиш жойларини озода сақлаш, савдо ва тадбиркорликни ривожлантириш каби маҳаллий аҳамиятга молик масалалар белгиланган.

Муҳокамалар жараёнида айрим экспертлар томонидан “янги вазирликнинг ташкил этилганлиги маҳалланинг мустақил институт сифатида мақомига таъсир этади” деган фикрлар ҳам янграмоқда. Менимча бу ва бунга ўхшаш фикрларнинг пайдо бўлишининг асосий сабаби фармоннинг мазмун-моҳиятини тўлиқ тушунмаслик натижасидир.

Қуйидагиларга кўра бу борадаги хавотирларга ҳеч қандай асос йўқ деб ҳисоблайман:

биринчидан, фармонда Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмаслиги, шунингдек, давлат органлари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини амалга ошириши учун зарур шароит яратиши, қонун ҳужжатлари билан берилган ваколатларни амалга оширишда уларга кўмаклашиши, алоҳида таъкидлаб ўтилган;

иккинчидан, жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш вазирликнинг асосий вазифаси сифатида белгиланган;

учинчидан, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш вазирлик фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Яъни бу ерда гап бошқариш ҳақида эмас, балки қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик тузилмалари фаолиятига амалий ёрдам бериш бўйича тизимли ёндошувни яратиш ҳақида бормоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, маҳалла вазирлик тизимига киритилмаяпти, аксинча вазирликни ташкил этишдан кўзланган мақсад, маҳаллаларга ёрдам бериш, уларнинг фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг ягона тизимини яратишга қаратилган.

Маҳалла бундан кейин ҳам ноёб ва асл қадрият сифатида, Конституция ва “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳуқуқ ва ваколатларини амалга оширишда мустақил ўзини ўзи бошқариш органи сифатида фаолият юритади.

Ихтиёр Беков

Тошкент давлат юридик

университети доценти