October 5, 2020

Тадбиркорлар билан мулоқот қилиш бўйича кенг қамровли онлайн платформа ишга туширилди

Тадбиркорлик фаолиятингиз учун ҳар томонлама кўмак беришга мўлжалланган янги “Biznesga maslahat” интерфаол ахборот портали иш фаолиятини тест режимида бошлади.

“Advice.uz” ҳуқуқий ахборот порталининг ижобий тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Адлия вазирлиги ташаббуси билан ишлаб чиқилган мазкур янги ахборот портали тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратиб беради.

Биринчидан, тадбиркорлар ўз фаолияти давомида дуч келадиган масалаларни халқчил ва амалиётга боғланган ҳолда тушунтиришга қаратилган мингга яқин ҳуқуқий маълумотлар порталга жойлаштирилган.

Хусусан, ҳуқуқий маълумотларда тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тартиби, ер олиш, меҳнат муносабатлари, инфратузилмаларга уланиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари, банк, солиқ ва божхона қонунчилигига оид нормалар акс эттирилган.

Шунингдек, порталга жойлаштирилган маълумотлар юзасидан 20 дан ортиқ вазирлик, идоралар ва жамоат ташкилотларининг таклифлари олинган.

Иккинчидан, порталда ҳуқуқий маълумотларни жойлаштириш билан чекланилмасдан, тадбиркорлик фаолияти учун зарур бўладиган ҳужжатларнинг намунавий шакллари ҳам берилган.

Масалан, банкларга тақдим этиладиган тўлов ҳужжатлари, ходимларни ишга қабул қилиш бўйича меҳнат шартномасининг ва бошқа шу каби ҳужжатларнинг намуналари эркин фойдаланиш учун жойлаштирилган.

Учинчидан, портал орқали тадбиркорларнинг онлайн мурожаатлари қабул қилинади ва уларнинг мавжуд ҳуқуқий муаммолари юзасидан қисқа муддатларга ечимлар ва маслаҳатлар берилади.

Ушбу вазифани амалга ошириш учун портални юритишга масъул бўлган турли соҳаларда малака ва иш тажрибасига эга бўлган 20 та экспертлар жалб этилади.

Тўртинчидан, портални юритишга масъул қилиб белгиланиши режалаштирилаётган идора ўз фаолиятини доимий асосда олиб боради. Бу ҳақида тегишли ҳужжат лойиҳаси ҳозирги кунда тайёрланмоқда.

Ушбу ҳужжат орқали масъул идора:

  • тадбиркорларнинг келиб тушаётган ва улар энг кўп дуч келаётган ҳуқуқий муаммоларни тизимлаштирган ҳолда ўз таклифларини тегишли ташкилотларга юбориш;
  • хорижий инвесторлар учун республика ҳудудларининг ўзига хос инвестициявий муҳити ҳамда инвестиция киритиш учун қулай бўлган соҳа ва йўналишлар тўғрисидаги маълумотларни хорижий тилларда шакллантириш;
  • порталга жойлаштирилган маълумотларнинг актуаллигини таъминлаб, уларни доимий равишда янгилаб бориш каби вазифаларни амалга ошириши назарда тутилмоқда.

“Biznesga maslahat” ахборот портали билан танишиш учун қуйидаги ҳаволага ўтишингиз мумкин https://b-advice.uz/, шунингдек порталнинг мобил иловаси ҳам ишлаб чиқилган бўлиб, ўз мобил қурилмангизга юклаб олишингиз мумкин https://apps.apple.com/us/app/id1533252839.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик

билан алоқалар бўлими