April 15, 2020

Карантин вақтида автомашинани жарима майдонига қўйиш қонунийми?

Бугунги кунда ҳаётимизни транспорт воситаларисиз тасаввур қилиш жуда қийин. Ишга, бозорга, яқинларимиз билан учрашишга боришда, умуман, жуда кўплаб ҳолатларда автотранспорт – беминнат дастёр.

Бироқ ҳозирги кун, вазият ушбу дастёримиздан вақтинча фойдаланмай туришимизни талаб этмоқда.

Сир эмаски, коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида давлатимиз томонидан фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини асраш борасида қатъий чоралар амалга оширилмоқда.

Бундай чоралардан бири автотранспорт воситаларининг ҳаракатини вақтинча чеклашдир.

Минг афсуски, ҳозирда бу чораларни аксарият фуқаролар тўғри тушунмаяпти, ҳали ҳам кўчаларда бесабаб ва рухсатномасиз автотранспорт воситалари бошқарилаётгани ҳақида хабарлар тинимсиз ОАВлар, телевидение орқали эълон қилинмоқда.

Бу каби ҳолатларга йўл қўяётган ҳайдовчилар эса ўз-ўзидан карантин қоидаларини бузганликлари учун маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг автомашиналари вақтинчалик жарима майдонига қўйилмоқда.

Автомашинани жарима майдонига қўйишнинг ҳуқуқий асоси борми?

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддасида транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш асослари ва тартиби белгиланган бўлиб, унга кўра ички ишлар органлари томонидан МЖтКнинг
10 дан ортиқ моддасида назарда тутилган 50 га яқин қоидабузарликлар бўйича транспорт воситалари жарима майдончасига жойлаштирилиши мумкин.

Мисол учун, фойдаланиш ман этилган, давлат рақами ўзбошимчалик билан ечиб олинган транспорт воситалари бошқарилганда ва шу каби бошқа бир қатор ҳолатларда автомашина жарима майдонига жойлаштирилади.

Шунингдек, кодекснинг мазкур моддасида қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа ҳолларда ҳам транспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш мумкинлиги белгиланган.

Маълумки, Президент Фармойиши (Ф-5537-сон, 29.01.2020 й.) билан коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ташкил этилди.

Мазкур комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари барча учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги қарорида йўл-патруль хизмати ходимлари карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун транспорт воситасини жарима майдончасига жойлаштириш йўли билан ушлаб туриши мумкинлиги белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, карантин даврида автотранспорт воситасини махсус рухсатномасиз бошқарганлик учун уларни жарима майдончасига жойлаштириш қонуний ҳисобланади деб хулоса қилиш мумкин.

 

Автомашинани жарима майдонида сақлаш харажатларини ким тўлайди?

Амалдаги қонунчиликка кўра транспорт воситасини жарима майдонига олиб келиш ва сақлаш харажатларини транспорт воситаси ҳайдовчиси, эгаси ёки эгасининг вакили тўлайди.

Автомашинани сақлаш муддати у тўхташ жойига жойлаштирилган пайтдан бошлаб соатларда ҳисобланади.

Умумий қоидага кўра, транспорт воситаси унинг ушлаш сабаблари бартараф этилган ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлангандан кейин, ваколатли шахснинг ёзма рухсатномаси асосида эгасига қайтарилади.

Карантин қоидаларини бузганлик учун ушланган ва жарима майдонига жойлаштирилган автомашиналар эса, белгиланган карантин муддати тугагандан сўнг ҳамда кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлангандан кейин жарима майдонидан чиқарилади.

Ўйлаб кўринг, шу сизга керакми?

Демак, карантин даврида автомашинани рухсатномасиз бошқариш орқали карантин қоидаларини бузганликда айбланиб маъмурий жарима тўлаш билан бирга транспортингизни жарима майдонида сақлангани учун ҳам пул тўлайсиз.

Карантин вақтида кўчага чиқиб, ўзингиз ва яқинларингизни вирус юқиши хавфи остида қолдирганингизни айтмаса ҳам бўлади. Ўйлаб кўринг, шу сизга керакми?

Адлия вазирлиги масъул ходими

Ғайбулло Примов