August 28, 2020

“Такси”лар фаолиятини лицензиялашда ҳам ижобий ўзгаришлар бўлди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Олий Мажлис палаталарига қилган мурожаатномасида мамлакатимиздаги лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш бўйича топшириқлар берилган эди.

Шундан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2020 йил 24 августдаги ПФ–6044-сон “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга асосан жами 70 турдаги фаолиятлар учун лицензиялар, 34 турдаги рухсатномалар 2021 йил 1 январдан бекор қилиниши, 14 та лицензия ва рухсатномаларнинг кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиши, шунингдек 115 тасида тартиб-таомиллар соддалаштирилиши белгиланди.

Жумладан, бекор қилинаётган лицензиялар орасида автомобиль транспортида юкларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти учун лицензия ҳам бор.

Энди мазкур фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлар 2021 йил
1 январдан бошлаб ўз фаолиятини лицензия олмасдан амалга оширишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ йўловчиларни енгил автомобилда ташиш фаолияти билан фақат юридик шахслар томонидан лицензия асосида амалга оширилади.

Уларнинг мазкур фаолияти учун бериладиган лицензия тартиб-таомиллари ҳам Фармон билан соддалаштирилди.

Хусусан, йўловчиларни енгил автомобилларда шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти учун алоҳида-алоҳида лицензиялар олиниши талаб этилар эди. Фармонга асосан 2021 йил 1 январдан енгил автомобилларда шаҳар, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро ташиш фаолияти учун ягона лицензия олиш кифоя қилади. Бу орқали ушбу фаолият билан шуғулланаётган 1 та енгил автомобили бор тадбиркор 2 млн. сўм, 10 та автомобили бор тадбиркор эса 20 млн. сўмдан ортиқ маблағларни иқтисод қилиб қолади.

Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг йўловчиларни енгил автомобилларда ташиш фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган. Бироқ, мазкур фаолият билан аксарият ҳолларда фуқаролар ноқонуний шуғулланиб келмоқдалар.

Жумладан, ноқонуний йўловчи ташиш ҳолатлари бўйича 2019 йилда 54 мингга яқин фуқаролар маъмурий жавобгарликка тортилган. Яъни, йўловчиларни енгил автомобилда ташиш фаолиятида яширин иқтисодиётнинг улуши қарийб 60 фоизни ташкил этмоқда.

Мазкур соҳадаги асосий муаммо лицензиялаш тартиби билан боғлиқ эмас, балки фуқароларнинг йўналишсиз таксичилик фаолияти билан шуғулланишни легаллаштириш ҳисобланади.

Шу сабабли, ҳозирги кунда фуқароларга йўловчиларни енгил автомобилда ташиш фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш тақозо этилмоқда.

Шунга асосан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил
2 мартдаги ПФ–5953-сон Фармони билан жисмоний шахсларга автомобиль транспортида йўловчиларни шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро йўналишлар бўйича ташиш ҳуқуқини бериш бўйича топшириқ берилган.

Ҳозирда мазкур соҳани тартибга солишга ваколатли бўлган мутасадди идоралар томонидан ушбу топшириқ ижросини таъминлаш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Дилшод Шодиев

ҳуқуқшунос