April 1, 2020

Карантин даврида – масофадан ишлаймиз

Карантин даврида масофадан туриб ишлаш режимига ўтиш ходимлар учун ишлашни давом эттириш, иш берувчилар учун эса фаолиятни тўхтатмасликда янги имкониятлар очиб беради. Шунингдек, ходимларга иш билан бир қаторда оилавий вазифаларни уйғун ҳолда олиб бориш учун шароит яратади.

Масофавий иш усулида ишлашнинг ҳуқуқий асослари

Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси ва бошқа меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида масофавий иш усулида ишлаш бўйича нормалар мавжуд эмас. Бу эса карантин даврида масофавий иш усулига ўтишга катта зарурат туғилган бир вақтда иш берувчиларда кўплаб саволларнинг пайдо бўлишига олиб келди.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5969-сон Фармонида ишни масофавий усулда ташкил қилиш бўйича вазифа белгиланди.

Мазкур Фармоннинг 18-бандини ижро қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2020 йил 25 мартдаги 9-2020/Б-сон буйруғи билан “Карантинга оид чоралар амал қилиш даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низом” (кейинчалик Низом) ишлаб чиқилиб тасдиқланди.

Мазкур Низомга асосан давлат органлари ва мулкчилик шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ўз ходимларини масофавий иш усулида ишлашнинг вақтинчалик тартибига ўтказиши мумкин.

Масофадан ишлаш

Масофадан иш деганда, ходимнинг меҳнат шартномасида кўрсатилган меҳнат мажбуриятларини иш берувчининг жойлашган ҳудудидан ташқарида, бевосита ёки билвосита назоратида бўлган доимий иш жойи, ҳудуд ёки объектдан ташқарида бажариладиган иш усули тушунилади. Масофавий иш усулида тарафларнинг ўзаро муносабатлари телекоммуникация тармоғи, хусусан интернет тармоғи орқали электрон ҳужжатлар алмашиш йўли билан амалга оширилади.

Масофавий иш усулига ўтказиш ва расмийлаштириш тартиби

Карантин даврида иш берувчилар ходимларни розилиги билан уларни масофавий иш усулида ишлашга ўтказишлари мумкин.

Ходимни бундай иш усулига ўтказиш меҳнат шартномасини ўзгартириш ҳисобланади. Меҳнат шартномасига масофавий иш усулини қўллаш бўйича тарафларнинг келишувига кўра қўшимчалар киритилади.

Иш берувчилар масофавий иш усулига ўтиш ҳуқуқидан биринчи навбатда ҳомиладор аёллар, кексалар, имконияти чекланган шахслар ва сурункали касалликларга чалинган ходимлар фойдаланишига эътибор қаратиши лозим.

Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказишда иш берувчи томонидан вақтинчалик ишга ўтказиш ҳақида муддати кўрсатилган буйруқ чиқарилади.

Ходимни масофавий ишга вақтинчалик ўтказиш тўғрисидаги буйруққа иш берувчи ва ходим ўртасида тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгартиришлар асос бўлади.

Масофавий иш усулини белгиловчи муҳим меҳнат шартлари

Масофавий ишга ўтказиш юзасидан ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритиладиган ўзгартиришларда Меҳнат кодексининг 73-моддасида назарда тутилган шартлар билан бир қаторда қуйидагилар кўрсатилади:

  • иш берувчи ва ходим ўртасида электрон ҳужжат алмашинуви бўйича ўзаро алоқалар тартиби;
  • ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар, техника воситаларидан фойдаланиш тартиби;
  • иш берувчи билан доимий алоқаларини таъминлаш мақсадида ходимни алоқа воситалари билан таъминлаш, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланиш;
  • иш берувчи томонидан ходимга берилган жиҳозлар, техникаларнинг ходимнинг айби билан бузилганда, етказилган зарарни ходим томонидан иш берувчига қоплаб бериш билан боғлиқ шартлар;
  • ходим ўз меҳнат вазифаларини бажариш учун шахсий жиҳозлар ва техника воситаларидан, шунингдек алоқа воситалари, шу жумладан Интернет тармоғидан фойдаланган тақдирда харажатларни қоплаш тартиби ва шартлари;
  • ходим ва иш берувчининг зарурий меҳнат муҳофазаси ва меҳнат шароитларига амал қилиш бўйича мажбуриятлари;
  • ходимни ишлаб чиқариш зарурати туғилганда доимий иш жойига ўтказиш шартлари.

Масофавий иш усулида иш вақти ва дам олиш вақти режими

Ходим иш вақтининг давомийлиги ва тартибини ишлаб чиқариш топшириғининг ҳажми ва меҳнат шартномасида кўрсатилган бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда мустақил равишда белгилайди. Иш жадвали тарафлар келишувига биноан белгиланади.

Масофавий иш усулида меҳнатга ҳақ тўлаш

Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳишига кўра тақсимланишини ҳисобга олган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Бунда ходимга нисбатан иш вақтидан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги иш, шунингдек тунги вақтдаги иш учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари қўлланилмайди.

Масофавий ишга вақтинчалик ўтказилган ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида – ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим) окладидан келиб чиққан ҳолда;

меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида – ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

Масофавий иш усулида меҳнат ҳуқуқларининг кафолати

Ходим масофавий ишга ўтказилганда унинг таътиллар жадвалига мувофиқ меҳнат таътили, вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақа олиш ҳамда қонун ҳужжатларида ва жамоа шартномасида назарда тутилган бошқа ҳуқуқлари сақланиб қолинади.

Ш.Исмоилов

Тошкент давлат юридик университети доценти в.б.