November 7, 2020

Норматив ҳуқуқий-ҳужжатларни тартибга солиш таъсирини бахолаш электрон платформада амалга оширилади

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар албатта уларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун янги қонун ҳужжатлари қабул қилинишни талаб этади.

Шу сабабли, охирги 3 йил ичида қонунчилик базамиз ҳажми қаърийб 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ортди.

Қонун ҳужжатларининг бу қадар жадал қабул қилинаётганлиги, ўз навбатида, мамлакатдаги ислоҳотларнинг юқори тезликда олиб борилишини таъминлаш билан бир қаторда, ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасида айрим ҳал этилиши лозим бўлган янги масалаларни вужудга келтирмоқда.

Хусусан, ушбу ҳолат мамлакатдаги ҳуқуқий барқарорликнинг издан чиқишига, қонун ҳужжатларининг тарқоқлигига, амалиётда уларни қўллашдаги турли ёндашувларга, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга, ҳаддан ташқари тартибга солиш ҳамда бюрократияга сабаб бўлмоқда.

Мисол учун, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган хатловга асосан 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида коллизияларни келтириб чиқараётган қонун ҳужжатлари аниқланган.

Юқорида қайд этилган масалаларни ҳал этиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасидаги фаолиятни мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди ҳамда вазирликка Ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорларини танқидий қайта кўриб чиқиш вазифаси юклатилди.

Қонун ҳужжатлари ва улар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш жараёни самарали ва тизимли бўлиши учун махсус электрон майдончадан фойдаланиш белгиланди.

Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш лойиҳани ишлаб чиққан идора ва ташкилотлар томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz)дан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш эса, ҳуқуқий мониторинг бўйича электрон майдончадан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги томонидан ҳозирги кунга қадар 30 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ҳуқуқий мониторинги ўтказилиши таъминланган.

Шунингдек, 2021 йил 1 июнга қадар барча амалдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасига киритилиши шартлиги белгиланиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш “E-Qaror” ягона электрон тизимидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.

Фармонда қайд этилишича, қонун ҳужжатларидаги мавжуд муаммолар таҳлили, уни ҳал этиш йўллари, рақобатга таъсирини баҳолаш, янги тартибга солиш воситаларини жорий этишнинг эҳтимолий оқибатларини прогнозлаш ва баҳолаш, шу жумладан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун фойда ва харажатларни таҳлил қилиш назарда тутувчи тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича таҳлилий материаллар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси, идоралараро келишув ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш босқичларида лойиҳага илова қилиниши лозим.

Аҳамиятли жиҳати шундаки, баҳолаш якуни юзасидан, Адлия вазирлиги ҳар йили мамлакатда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимининг ҳолати тўғрисида ахборот тайёрлаб, уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни
қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси
катта маслаҳатчиси А.Ф. Бекмирзаев