Карантин даврида спорт билан шуғулланса бўладими?
Бугун телевидение ва ижтимоий тармоқлар орқали уйда қолишга чорловчи кўплаб челенжлар эълон қилиниб, ҳамюртларимиз ва бошқа давлат фуқаролари томонидан спорт машғулотларини бажараётган видеолар тарқалмоқда. Пандемия сабабли спортнинг барча турлари бўйича мусобоқалар бекор қилинди. Спортнинг баъзи турларининг тарихида биринчи маротаба бу каби ҳолатга дуч келди. Эндиликда халқаро спорт ҳамжамиятлари, олимпия қўмиталари ва спорт федерацияларини спортчиларнинг карантиндан сўнги тайёргарлиги ва жисмоний ҳолати хавотирга солмоқда. Албатта, пандемия даврида спорт масаласи бироз аҳамиятсиз бўлиб кўринади, аммо йигирма биринчи аср имкониятлари жуда кенг бўлиб, эндиликда спорт ўйинларини нафақат жисмоний машқлар билан, балки замонавий техонологиялар ёрдамида ақл ва тафаккур комбинациялари ёрдамида амалга ошириш мумкин.
Хусусан, бугунги кунда шундай бир янги спорт тури – “Киберспорт” атамаси пайдо бўлдики, у ҳозирда нафақат оммабоп спорт йўналишлари ва йирик кўнгилочар соҳалардан бирига айланди, балки кучли ривожланаётган бизнес-секторига ҳам кириб борди. Бу спорт туридаги интелектуал машқлар ва ақлий етуклик, мия фаолиятида жуда ас қотади. Шу сабабли ҳам дунёнинг бир қатор мамлакатларида расман тан олган бўлиб, мазкур фаолият бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.
Дунё ҳамжамияти томонидан тадбиқ этилаётган мажбурий ўз-ўзини яккалаш (самоизоляция) ҳолатида, ҳаммадан кўпроқ е-спорт геймерлари катта фойда кўриши кутилмоқда. Кўп ташкилотлар карантин кунларини зерикарли ўтказишдан кўра, кун бўйи ҳамкорлик ўйинларини, томоша қилиш, ўйнаш ва бу билан нафақат билимларни чарҳлаш, балки бу орқали пул топишни таклиф этишмоқда. Улар ҳатто энг қизиқарли ўйинларни бепул тақдим этишмоқда.
Тез орада тўғридан тўғри эфирга узатилиши режалаштирилаётган ёки ўйнаш имконини бераётган киберспортга дунё бўйлаб кўплаб янги мухлислар, томошабинлар оқимини кўришимиз мумкин бўлади. Шубҳасиз, ҳамма жойда спорт тадбирлари бекор қилинганлиги сабабли кўпчилик анъанавий спорт турларидан киберспорт ихлосмандларига айланиши мумкин.
Киберспорт ўзи нима? Унинг тарихи қачондан бошланган?
Киберспорт ёки электрон спорт деганда виртуал технологиялар соҳасида хусусан, видео ўйинлар ёрдамида моделлаштирилган мусобақалар тушунилади. Киберспорт – видеоўйинлар асосида якка тартибда ёки гуруҳ бўлиб ўйналадиган мусобақа бўлиб ҳисобланади.
Киберспорт (компютер спорти) ёш, жадал ривожланаётган соҳа бўлсада, аслида, дунёда е-спорт маҳаллий шароитда, ўтган асрнинг 70-80-йилларида ривожлана бошлади. 1972 йилда AҚШда биринчи маротаба талабалар учун Spacewar электрон ўйини бўйича мусобақа бўлиб ўтди ва саккиз йилдан сўнг (1980 йил) AҚШнинг Atary компанияси кўмагида минглаб ўйинчиларни қамраб олаган кенг миқёсли турнир бўлиб ўтди. Тез орада, яъни 1994 йилда Doom 2 ўйинини оммалиши билан электрон спорт турлари Япония, Корея, Малайзия ва бошқа мамлакатларда ривожлана бошлади. Шундай бўлсада, ушбу “саноат”нинг пайдо бўлишининг бошланғич нуқтаси дея 1997 йилнинг биринчи компьютер спорт лигаси Cyberathlete Professional League ташкил этилган сана расман тан олинади.
Сўнги йигирма йил давомида киберспорт кўплаб давлатлар томонидан расмий спорт тури сифатида тан олинди. Киберспортни Олимпия ўйинлари рўйхатига киритиш борасида фаол ҳаракатлар бошланган. Бироқ, ушбу рўйхатга қиришда қатор талаблар бажарилиши лозим, шу жумладан, .энг камида эркаклар учун 75 та давлатда ҳамда тўрт қитъада ва аёллар учун 40 та давлатда ҳамда учта қитъада кенг тарқалган спорт тури муносиб топилиши мумкин.
Киберспортни ҳуқуқий тартибга солиш хусусиятлари
Киберспортни ҳуқуқий тадқиқотлар объекти сифатида танлашнинг долзарблиги шундака, бугунги кунда бу нафақат спорт соҳаси, балки кўплаб иштирокчиларнинг қудратли алоқа тизимига айланиб бораётган жадал ривожланаётган спорт бизнесидир.
Ўзбекистонда мазкур спортга бўлган қизиқиш тобора кучайиб бораётганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 19 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3549-сон қарори кўра Ўзбекистонда компьютер спортини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасида компьютер спортини ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш бўйича Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда бошқа идораларга вазифа юклатилган.
Шунга кўра, Ўзбекистон виртуал спорт ўйинлари ва киберфутбол федерацияси жамоат бирлашмаси (20.10.2016) 2018 йил 6 август куни
ўз фаолиятини янада профессионал тарзда ташкил этиш ва халқаро стандартлар талабига мослашиш мақсадида бир қатор ташкилий ўзгаришларни амалга оширди ҳамда “Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси” деб қайта номланиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида қайта давлат рўйхатидан ўтказилди.
Хозирда, мазкур федерация Ўзбекистонда барча электрон ўйинлар, компьютер спорти ва киберфутболни ривожлантириш ҳамда республика ҳудудида турнирларни ташкил этиш, шунингдек, ташкилот ушбу йўналишдаги мураббий ва киберспортчиларни тайёрлаш билан ҳам шуғулланмоқда. Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси
ўз фаолиятида Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг виртуал спорт турларига оид қарорлари ижросини таъминлашда фаол иштирок этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирликнинг 2018 йил 15 августдаги 3-сонли Ҳайъат қарорига асосан Электрон компьютер спорти спорт турлари реестрига киритди, Ўзбекистонда расман тан олинди.
Дарвоқе, Республикамизда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси билан ҳамкорликда 14-30 апрель кунлари киберспорт бўйича “МИНСПОРТ ОНЛАЙН КУБОГИ” мусобоқаси ташкил этилмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра 4000 дан ортқи ҳаваскор киберспортчилар иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
Киберспорт ташкилотлари ва спортчиларининг даромади
Электрон спорт соҳасидаги даромад спортчи танлаган интизомга боғлиқ. Бугунги вақтда, киберспорт бўйича энг кўп маош олиш мумкин бўлган турлари бу Dota 2, CS GO, World of Tanks, League of Legendsлар ҳисобланади. Шунингдек, тўғридан-тўғри муносабатлар мавжуд бўлганлиги сабабли даромад спортчи иштирок этаётган жамоага ҳам боғлиқ. Масалан,
CS GO мусобақаларида қатнашадиган Astralis жамоасининг ўйинчилари ойига 9 минг АҚШ доллар олишларини ва бу мукофот пуллари ҳамда реклама шартномаларидаги пулларни ўз ичига олмаслигини айтишган. Бироқ, бу дунёда энг юқори ҳақ тўланадиган 3 та топ кучли жамоалардан бири эканлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим.
Киберспорт бўйича 2019 йил март ойида Хитойда ўтказилган Жаҳон чемпионатида (WESG) Ўзбекистон вакили сифатида Салоҳиддин Эсанов иштирок этди. WESGнинг Pro Evolution Soccer йўналишида умумий соврин жамғармаси 52,5 минг долларни ташкил этиб, бу сумма энг юқори учта ўрин эгаси ўртасида тақсимланди.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, киберспортни барча йўналишлари бўйича ҳам ривожланиш мақсадга мувофиқ эмас. Ўз ичига жанговор ва шавқатсиз ҳусусиятларни олган ўйин турлари бутун дунёда қораланади ва бундай турлар бўйича йирик мусобақалар уюштирилишига йўл қўйилмаслиги лозим.
Спорт тушунчаси, албатта, биринчи навбатда жисмоний машқлар, юксак ирода ва ақлий етуклик билан баҳоланади. Аммо киберспорт бизнес ва маданий ҳордиқ усули сифатида намоён бўлади, спортнинг бошқа соҳасига нисбатан тезркор ва фаол бўлиб ҳисбланади. Е-спорт бўйича юридик маслаҳат агентликларининг пайдо бўлиши спорт соҳаси ва бизнес секторида классик ҳуқуқий норма ва қоидаларнинг янада самарали қўлланилишини ҳамда янги бир ҳуқуқий институт шаклланишини таъминлайди. Бу эса, айни вақтда масофавий спортни ривожланишига ёрдам бериши мумкин.
Раҳматов Анвар Исломович
Тошкент давлат юридик университети
Интеллектуал мулк кафедраси ўқитувчиси