Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2 та қонун лойиҳасини депутатлар биринчи ўқишда қабул қилди
Бугун, 2021 йил 13 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди.
Адлия вазири Русланбек Давлетов парламентга вазирлик томонидан ишлаб чиқилган 2 та - “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ҳамда “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларилойиҳасини тақдим қилди. Қонунлар лойиҳаси биринчи ўқишда депутатлар томонидан муҳокама қилинди.
Р.Давлетов “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг ҳозирги кундаги долзарблиги ҳақида тўхталар экан, ушбу қонун лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид қонун ҳужжатларини бирлаштириш, замон талабларига мослаштириш ва соддалаштиришга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
Қонун лойиҳаси билан 49 та лицензиялар, 116 та рухсат этиш ҳужжатлари ва 33 та хабарномаларнинг тугал рўйхати, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишнинг тўлиқ электронлаштирилган ҳолда “Лицензия” ахборот тизими орқали амалга оширилиш тартиби тасдиқланмоқда, шунингдек, лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни электрон шаклда берилиши муносабати билан уларнинг дубликатини бериш, лицензия шартномасини тузиш институти (амалиёти), юридик шахслар филлиалларига алоҳида лицензия ёки рухсатнома олиш талаби бекор қилинмоқда.
Шунингдек, Қонун лойиҳаси билан киритилаётган янгиликлардан бири лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қайси ҳолатларда суд томонидан ва қайси ҳолатларда ваколатли орган томонидан бекор қилинишининг аник чегаралари, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга доир талаблар ва шартларга риоя этилишини текшириш тартиби белгиланмоқда.
Қонун лойиҳасида соҳада самарадорликка эришиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш нуқтаи назаридан лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор этишга оид ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга нисбатан жавобгарлик (жарима) қўллаш институтини жорий этилмоқда.
Шунингдек, ялпи мажлис муҳокамасида адлия вазири “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунилойиҳасини ҳам тақдим этди. Унинг сўзларига кўра, “ ҳужжат миллий қонунчилигимизни таҳлил қиладиган бўлсак, амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар бериш белгиланганлиги, бироқ, қонунчилигимизда “ижтимоий тадбиркорлик” нинг ҳуқуқий тушунчаси ва ижтимоий тадбиркорликка оид муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш механизмлари аниқ белгиланмаганлиги, шу жиҳатдан мазкур Қонун соҳада институционал аҳамиятга эгалиги билан аҳамиятлидир.
Ушбу Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган, шунингдек ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари белгиланган.
Шунингдек, Адлия вазирининг таъкидлашича, лойиҳанинг қабул қилиниши натижасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга мухтож тоифаларини иш билан таъминлаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришга инвестиция киритиш, миллий бозорни янги ижтимоий товарлар ва хизматлар билан тўлдириш учун қўшимча шарт-шароит яратиш кўзланмоқда.
Қонунлар лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими