2020 йилнинг сентябрь ойида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади
Пандемия даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини давлат томонидан қўллав-қувватлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.
Мазкур аҳоли қатламини қуллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан сўнги кунларда муҳим қонун ҳужжатлари эълон қилинмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 21 август куни facebookдаги "Адлия билан мулоқот" гуруҳида “Қонунчиликда ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини давлат томонидан моддий қўллаб-қувватлашга доир тушунтиришлар” мавзусида “On-line” мулоқот ўтказилди.
Мулоқотда Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси ходимлари иштирок этиб, пандемия даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш тартиби, жумладан Президентнинг 2020 йил 26 август куни қабул қилинган қарори бўйича тушунтириш беришди.
Президент қарорига кўра 2020 йилнинг сентябрь ойида аҳолининг қуйидаги қатламларига бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:
- моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг рўйхатларига (“темир дафтар”) киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
- боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига;
- ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга.
Мазкур бир марталик моддий ёрдам миқдори ҳар бир 16 ёшга тўлмаган бола учун 500 минг сўмни ташкил қилади.
Мулоқот давомида Адлия вазирлиги масъул ходимлари Вазирлар Маҳкамасининг 44-сон қарори бўйича кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, “On-line” мулоқотда фуқаролар томонидан карантин даврида кам таъминланган ва моддий ёрдамга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашга оид 20 дан ортиқ саволларга вазирлик ходимлари томонидан жавоблар берилди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими