August 14, 2020

Пандемия шароитида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатланганми?

Пандемия даврида фуқароларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш ҳамда уларнинг меҳнат ҳуқуқларини янада кафолатлаш ҳар бир давлат органининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг 14 август куни вазирликнинг facebookдаги "Адлия билан мулоқот/Диалог с юстицией" гуруҳида “Пандемия шароитида ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи кафолатлари” мавзусида “On-line” мулоқот ташкил этилди.

“On-line” мулоқотда фуқаролар томонидан пандемия шароитида ишга жойлашиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш ва иш ҳақини ундиришга оид 30 дан ортиқ мурожаат келиб тушди.

Мазкур мурожаатлар Адлия вазирлиги масъул ходимлари томонидан кўриб чиқилиб, жойларга чиққан ҳолда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилди.

Жумладан, 2 нафар фуқарога жами 11 481 540 сўм иш ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмаганлиги аниқланди ва қонун ҳужжатларини бузган ташкилотларга иш ҳақини ундирилишини таъминлаш бўйича тақдимномалар киритилди.

Бундан ташқари, доимий ўтказилиб келинаётган “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг февраль-март ойларида бўлиб ўтган “Ходимларнинг ойлик иш ҳақини беришда қонунчиликка риоя этилишини ўрганиш” акцияси ҳақида ҳам қисқача тўхталиб ўтилди.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими