Ҳурматли устозлар, азиз мураббийлар!
Ҳурмат би Сизларни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан машаққатли ва шарафли касб эгаларини самимий қутлайди!
Бугун таълим соҳасидаги кенг миқёсли ислоҳотлар жараёнида юридик таълимга алоҳида эътибор қаратилаётгани кўзга яққол ташланади. Чунки юридик кадрлар жамиятнинг таянчи, ислоҳотлар жараёнининг ажралмас бўғини саналади.
Сўнгги йилларда кадрлар тайёрлаш, хусусан, юридик кадрлар тайёрлаш соҳасида бир қатор прогрессив ўзгаришлар рўй бердики, буларнинг бари келажакда ислоҳотларимиз самарадорлигини таъминловчи омиллардир. Хусусан, ўтган бир йил ичида юридик фан
ва таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида кўплаб қонун ҳужжатларининг қабул қилиниши бунинг яққол исботидир.
Ҳозирда вазирлигимиз тасарруфидаги юридик таълим муассасаларида 776 нафар педагог ходимларимиз фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг ичида 1 нафар академик, 24 нафар профессор, 32 нафар фан доктори ва 94 нафар фалсафа доктори ва фан номзодлари мавжуд. Бу юридик таълимнинг юқори сифати ва юксак салоҳиятини акс эттирувчи рақамлардир.
Куни кеча қабул қилинган янги “Таълим тўғрисида”ги Қонун таълимдаги ислоҳотларнинг дастуруламали сифатида ўқитувчи ва мураббийларнинг зиммасига янада янги масъулиятларни юклади. Бу эса Сиз азиз устоз ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрнингиз ва ислоҳотлар жараёнидаги аҳамиятингиз нақадар юксак эканини яна бир бор таъкидлайди.
Режалаштирилаётган ўзгаришлар истиқболдаги буюк мақсадларга эришишда бизга етук кадрлар керак. Ушбу муҳим ва шарафли ишда Ватан Сизнинг билимингиз, маҳоратингиз ва жонкуярлигингизга таянади.
Азиз Устозлар!
Барчангизни 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор табриклаб, машаққатли, ўз навбатида, фахрли касбингизда метиндай ирода ва ижодий парвозлар тилаб қоламиз, шахсий ҳаётингизда улкан зафарлар ёр бўлсин. Доимо соғ - омон бўлинг.
Яна бир бор байрамингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Адлия вазирлиги жамоаси