August 6, 2020

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг хизмат сафарларига юборилиши: муаммо ва таклифлар

Биламизки, давлат органлари ва ташкилотлари маълум бир вазифаларни, топшириқларни бажариш мақсадида чет эл мамлакатлари ёки республика ҳудудларига ўз ходимларини хизмат сафарларига юборишади.

Бугунги кунда, миллий қонунчиликда хизмат сафарларини тартибга солувчи бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги “Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 9 сентябрдаги “Вазирликлар, идоралар ва бошқа республика органлари ходимларининг чет эл хизмат сафарларига боришини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2003 йил 29 августдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида”ги Йўриқнома ва бошқалар.

Бироқ, хизмат сафарлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бугунги кун талабларига жавоб бермасликлари ўз навбатида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Бундай муаммолар сифатида қуйидагиларни келтириш мумкин:

  • давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жойлардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал қилишнинг замонавий масофавий шаклларидан фойдаланмасликлари хизмат сафарлари сонининг ҳаддан ортиқ кўпайишига
    ва бюджет маблағлари харажатларининг нопропорционал ўсишига олиб келмоқда;
  • давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахслари хизмат сафарларининг алоҳида жиҳатлари тартибга солинмаганлиги, шунингдек оғзаки топшириқларни юборишнинг эскирган амалиёти бошқарув қарорларини қабул қилишда бюрократизм ва субъективликни туғдирмоқда;
  • давлат органлари ва ташкилотлари ходимларини уларнинг ваколати кирмайдиган масалалар юзасидан хизмат сафарларига юборишнинг самарасиз амалиёти мавжудлиги жойларда муаммоларни самарали аниқлаш ва ҳал қилиш имконини бермаяпти;
  • қонунчиликда хизмат сафарлари учун белгиланган харажатларнинг миқдори давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг ҳақиқий харажатларига номувофиқлиги коррупция кўринишлари ўсишига сабаб бўлмоқда;
  • давлат органлари ва ташкилотларининг хизмат сафарига юбориладиган ходимлари фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашнинг мавжуд эмаслиги жойларда муаммоларни амалда ҳал қилишни таъминламаяпти.

Юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш эса давлат органлари
ва ташкилотларидан ўз фаолиятини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш, шу жумладан видеоконференцалоқа тизимидан кенг фойдаланиш, шунингдек хизмат сафарлари бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган, бироқ бугунги кун талабларига мос келмайдиган нормаларни қайта кўриб чиқишни тақозо этади.

Бунда, қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгаришлар замонавий ахборот-технологияларни қўллаган ҳолда хизмат сафарларини қисқартириб, мажлислар, йиғилишлар, конференциялар, семинар ва тренингларни масофадан туриб амалга ошириш, давлат ташкилотларининг таркибий ва ҳудудий бўлинмалари ҳисоботларини ҳудудлардан давлат ташкилотлари ходимларини таклиф этмасдан эшитиб бориш, бошқа давлат органлари ва ташкилотларига оғзаки топшириқлар берилишига йўл қўймаслик, ўз ваколатига кирмайдиган
ёки хизмат сафари мақсади билан боғлиқ бўлмаган масалалар бўйича йиғилишлар ўтказиш амалиётини бекор қилишга оид коррупцияга қарши нормаларни белгилаш, хизмат сафари давомида вужудга келадиган коррупцион хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича тегишли чораларни кўриш каби масалаларни ўз ичига олиши зарур.

Шунингдек, давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари хизмат сафарлари режалари мақсадга мувофиқлиги, самарадорлиги ва натижадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш, республика ҳудудларига юбориладиган ходимларининг хизмат сафарлари харажатлари рўйхатини қонунчиликда белгиланган меъёрларнинг ҳақиқий харажатларга мувофиқлигини таъминлаш бўйича масалаларни кўриб чиқиш ҳам бугунги кун талабидир.

Бу каби ўзгаришлар эса ўз навбатида давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг самарасиз хизмат сафарлари сони ва уларда назарда тутилган харажатларни ҳамда ходимлари томонидан вазифаларни бажаришга кетадиган вақтини сезиларли даражада оптималлаштирилишига, хизмат сафари давомида коррупция хавф-хатарлари ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари вужудга келиш эҳтимолини камайтирилишига, хизмат сафарига юбориладиган ходимлари томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига аралашиш
амалиёти бекор қилинишига, хизмат сафари натижасининг объективлиги
ва самарадорлигининг ошишига олиб келади.

Азизбек Дехканов

Адлия вазирлиги масъул ходими