Қайси нотариусда ишингиз тез битади? Рейтинги билан танишинг
Бугунги кунда нотариусда ҳужжат расмийлаштириш учун фуқаролар фақат паспорт ва мулк эгалигини тасдиқловчи ордер ёки гувоҳномани тақдим этса етарли. Қолган ҳужжатларни нотариуснинг ўзи тегишли идоралардан ахборот тизими орқали электрон шаклда олади. Кўп ҳужжат
ва маълумотномалар Нотариус ахборот тизимида автоматик тарзда олиниши вақтни янада қисқартиради.
Ҳисоб-китобларга кўра, оддий ва мураккаблигига қараб нотариал ҳаракатни расмийлаштиришни ўртача 10 дақиқадан 1 соатгача вақтда амалга оширса бўлади. Лекин, мерос, судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлаш ва медиация келишуви каби айрим ҳаракатларни расмийлаштиришда нотариус қонунчиликда белгиланган муддатларга риоя қилиши шарт. Бу муддат меросда 6 ойдан кўпга ҳам чўзилиши мумкин.
Маълумки, нотариуснинг асосий вазифаси расмийлаштирилаётган нотариал ҳаракат бўйича келгусида ҳеч қандай низо келиб чиқмаслиги ҳамда жараёнда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашдан иборат. Шундай экан, ҳар қандай ҳолатда нотариуслар ушбу вазифасини тез бажариши билан бирга нотариал ҳаракатнинг қонунийлигини таъминлаши зарур.
Жорий йилнинг 1 майидан 663 нафар илгари давлат нотариуси бўлиб ишлаган нотариуслар хусусий бўлиб иш бошлаганлиги рақобат муҳитини вужудга келтирди ва нотариал ҳаракатни расмийлаштириш вақтини деярли уч баробар тезлашига олиб келди.
Лекин, интернетдаги ёки бошқа идоралар ахборот тизимларидаги узилишлар, баъзан эса идораларнинг электрон базаларидаги хатоликлар ёки ҳужжатларидаги камчиликлар нотариусга боғлиқ бўлмаган ҳолда вақт чўзилишига сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, коронавирус пандемияси сабаб жорий қилинган карантин даврида санитария-гигиена талабларига риоя қилинган ҳолда идорага келувчи фуқаролар ўртасида ижтимоий масофани сақлаш учун нотариуслар томонидан аввал ҳужжат олиб қолиниб, тайёр бўлгандан кейин фуқарорларни чақириб нотариал ҳаракатни расмийлаштирилаётганлиги ҳам вақтни қисман чўзилишига олиб келган. Айрим ҳолларда эса нотариал ҳаракатда иштирок этувчи томондан бир вақтда нотариусда ҳозир бўлишида ҳам муаммолар нотариусга боғлиқ бўлмаган ҳолда вақтни чўзилишига олиб келади.
“Излаган имкон топар, изламаган баҳона” дегандек, ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётган, “ҳужжатларни қолдириб, эртага келиш”ни таклиф қиладиган нотариуслар ҳам йўқ эмас.
Адлия вазирлиги 2020 йилнинг май ойида нотариусларнинг битта ҳаракатни расмийлаштиришга сарфлаган ўртача вақтини таҳлил қилди ва бу бўйича нотариуслар рейтингини тузди.
Мазкур рейтинг нотариуслар фуқароларга хизмат кўрсатиш тезкорлигини ошириш мақсадида ҳар ойда “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимидан олинган маълумотларга асосан шакллантирилади.
Рейтинг билан қуйидаги ҳавола орқали таниш мумкин: https://bit.ly/30kkDh2