March 5, 2020

Ўзбекистон делегацияси Голландия қироллиги фуқаролик ишлари бўйича нотариуслари ассоциацияси фаолияти билан танишди

Айни кунларда адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Нидерландия давлатига ташрифи давом этмоқда. Ташриф доирасида делегация аъзолари Голландия қироллиги фуқаролик ишлари бўйича нотариуслари ассоциациясида бўлдилар.

Ассоциация раҳбарияти, хусусан, Ассоциация раиси Ник ван Бютенен билан мулоқот давомида адлия вазири Русланбек Давлетов мамлакатимизда нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, нотариусларга қўйиладиган малака талаблари, нотариусларни танлашнинг онлайн тизими, соҳада шаффофликни таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши кураш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида сўзлади.

Ўз навбатида, Голландия қироллик нотариуслар ассоциацияси вакиллари Ўзбекистонда нотариат соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида айрим маълумотга эга эканликларини айтиб ўтдилар, Нидерландиядаги нотариат тизимининг ўзига хосликлари ҳақида маълумот бердилар. Суҳбат чоғида томонлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Хусусан, Қироллик нотариуслари ассоциацияси вакилларида мамлакатимизда амалда бўлган "Нотариус" электрон тизими алоҳида қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари эса Ассоциация томонидан нотариат соҳасига кўрсатиладиган ёрдам ва ўзаро ҳамкорлик масалаларига доир ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими